Жаҳон | 16:43 / 03.12.2025
2630
2 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари: Украинани тинчлик йўлида оғриқли муросалар кутмоқда

Россия агрессиясини тўхтатиш шароитларини излаш Украина учун ғоят мураккаб жараён бўлади, деб ҳисоблайди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул. Унинг фикрича, Киев урушни тўхтатиш учун, эҳтимол, оғриқли муросага боришига тўғри келади.

Фото: Odd Andersen/AFP

Украина Россия агрессиясини тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида оғриқли ён босишга мажбур бўлиб қолиши мумкин, деб ҳисоблайди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул.

«Бу Украина учун, шубҳасиз, жуда ҳам мураккаб жараён бўлади, унинг якунида, эҳтимол, умумхалқ референдуми ўтказилиши мумкин», — деди Вадефул сешанба куни, 2 декабрда эълон қилинган Neue Osnabrücker Zeitung газетасига интервюсида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолатда Украина фуқаролари Россиянинг кенг кўламли ҳудудий ён босиш талаби шароитида урушни тўхтатиш учун таклиф қилинаётган шартларни қабул қила олиш-олмаслигини ҳал қилиши керак бўлади.

«Дипломатиянинг вазифаси шундаки, у можародаги томонлар қабул қила оладиган муросани ишлаб чиқиши лозим. Охир-оқибат бу, табиийки, оғриқли ён босишни ҳам ўз ичига олади», — деб тушунтирди Германия ТИВ раҳбари.

Йоханн Вадефулнинг таъкидлашича, халқаро дипломатик саъй-ҳаракатлар туфайли ўт очишни тўхтатиш имкони ҳозирда «ҳеч қачон бу қадар юқори бўлмаган». У, шунингдек, «муҳим шартлардан бири Украинанинг Россия томонидан янги агрессия олдида ҳимоясиз қолиб кетмаслигига ишонч ҳосил қилиши бўлади», деб қайд этди. Бундай кафолатларни таъминлашда ҳал қилувчи рол АҚШга тегишли, дея урғу берди Вадефул.

Яқинда АҚШ Украинага қарши урушни тўхтатиш режасини тақдим этган эди, унда Вашингтон Москванинг бир қатор асосий талабларига жиддий равишда ён босишга тайёрлигини кўрсатди. Режада Украина томонидан катта ҳудудий ён бериш ва Киевнинг НАТОга қўшилмаслик мажбурияти назарда тутилган эди.

Бироқ Украина ва унинг Европа иттифоқчилари эътирозларидан сўнг тинчлик режаси лойиҳаси Киев манфаатларини кўпроқ инобатга олиш томон қайта ишлаб чиқилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид