Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вадефул: Путин музокараларни бошламаслик учун баҳона қидирмоқда
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларни бошламаслик учун доимий равишда баҳоналар изламоқда, деди Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Миср ташқи ишлар вазири билан учрашув пайтида.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефулнинг фикрича, Россия президенти Владимир Путин Украина билан тинчлик музокараларини бошламаслик учун доимий равишда турли баҳоналар топмоқда. Вадефул бу ҳақда 2 декабр куни Берлинда Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдель Ати билан учрашув чоғида айтгани ҳақида dpa агентлиги хабар берди.
«Владимир Путин доим нега у музокаралар олиб боришни истамаслигини изоҳлаш учун янгидан янги баҳоналар топади <...>. Шу сабабли мен унинг умуман тинчлик музокараларига жиддий ёндашишига ҳали ҳам шубҳа билан қарайман», — дея Германия ТИВ раҳбарининг сўзларини келтирди журналистлар.
Шу билан бирга, Вадефулнинг айтишича, у ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио душанба куни бўлиб ўтган телефон суҳбати давомида урушни ишончли тарзда тўхтатиш Украина ва бутун Европада доимий тинчлик ва хавфсизликка олиб келиши кераклигини муҳокама қилган. Шунингдек, улар «отишмани тўхтатиш вақти келгани» борасида ҳамфикр эканини қайд этган.
Германия ташқи ишлар вазири АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди ва бу ҳаракатларнинг бир қисми сифатида Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг Москвага ташрифи амалга ошишини қўшимча қилди.
Америка делегацияси 2 декабр куни Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишуви юзасидан Владимир Путин билан музокаралар ўтказиш учун Москвага борди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ томонидан музокараларда фақат Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этишини маълум қилган.
Москвадаги учрашув пайтида Уиткофф Путинга Доналд Трампнинг янгиланган тинчлик режаси лойиҳасини тақдим этиши кутилганди.