Жаҳон | 16:30 / 04.12.2025
1902
3 дақиқада ўқилади

Берлин Украинага қурол-яроғ ёрдамини 200 млн долларга оширади

Германия октябр oйида 500 млн долларлик қурол-яроғ пакетини молиялаштирган эди. Ҳажми жами 1 млрд доллар бўлган яна икки янги пакет эса Германия, Нидерландия, Норвегия ва Полша томонидан биргаликда молиялаштирилади.

Фото: Global Look Press/Philipp Schulze

Германия Украина учун Америка қурол-яроғини сотиб олишга қўшимча равишда 200 млн доллар (тахминан 172 млн евро) ажратади. Бу ҳақда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилиши олдидан, чоршанба куни, 3 декабрда, ГФР ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул маълум қилди. Унга кўра, ушбу маблағлар НАТО ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасидаги келишувга биноан 2025 йил ёзидан бери амал қилаётган PURL дастури (Prioritised Ukraine Requirements List — «Украина учун устувор эҳтиёжлар рўйхати») доирасида ажратилади.

PURL механизми ишга туширилгандан кейин, Германия октябр oйида 500 млн долларлик қурол-яроғ пакетини молиялаштирган. PURL доирасидаги ҳажми жами 1 млрд доллар бўлган яна икки янги пакет Германия, Нидерландия, Норвегия ва Полша томонидан биргаликда қопланади.

200 млн доллардан ташқари, Германия НАТО жамғармасига яна 25 млн евро ўтказади. Бу маблағлар, Вадефулнинг таъкидлашича, «фронтда муз ва қор шароитида бўлган украин ҳарбийлари зарур қишки экипировка билан таъминланиши ва етарли тиббий ёрдам олиши» учун йўналтирилади.

Украина президенти Володимир Зеленский 17 сентябр куни билдиришича, PURL доирасида унинг мамлакати аллақачон 2 млрд доллардан зиёд маблағ олган, йил якунига келиб эса умумий қиймати 3–3,5 млрд долларлик қурол-яроғ олишга умид қилмоқда. Унга кўра, бу пуллар ҳисобидан, жумладан Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар харид қилинган.

3 декабр куни Брюсселда НАТО бош котиби Марк Рютте алянсга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан учрашув ўтказиши режалаштирилганди. Унда, шунингдек, Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ва ЕИнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иштирок этиши кутилган.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Марко Рубио ушбу тадбирда қатнашмасликка қарор қилган ва ташрифини аниқ сабабларсиз бекор қилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид