Туризм | 09:50 / 04.12.2025
626
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Гоа билан туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўймоқда

Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси ва Гоа штати ўртасида туризм йўналиши бўйича ҳамкорлик фаоллашмоқда. Томонлар қўшма туристик маршрутлар, кадрлар тайёрлаш, тарғибот тадбирлари ва корпоратив сайёҳликни ривожлантириш бўйича келишиб олди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг Деҳлидаги элчиси Сардор Рустамбоев Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида меҳмондўстлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш доирасида Гоа штати туризм вазири Роҳан Кҳаунте билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатлар, жумладан, туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар туризм тармоғини ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида қайд этди.

Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда, туризм эса ўзаро алоқаларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланган.

Ҳиндистонлик сайёҳларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши сезиларли даражада ошмоқда: 2023 йилда мамлакатимизга қарийб 50 минг ҳинд фуқароси ташриф буюрган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 80 мингдан ошган, жорий йил якунига қадар эса ҳиндистонлик туристлар сони 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Ошиб бораётган талабни қондириш мақсадида авиақатновлар сони ва географияси кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда Uzbekistan Airways ва Centrum Air, Ҳиндистоннинг етакчи авиаташувчиси IndiGo томонидан ҳафтасига 20 га яқин рейс амалга оширилмоқда. Ушбу парвозлар Тошкент, Деҳли, Мумбай ва Гоа шаҳарларини боғлаб турибди. Яқин вақт ичида Деҳли – Наманган йўналишида тўғридан тўғри авиақатнов очиш режалаштирилгани ҳам қайд этилди.

Роҳан Кҳаунте Гоа штати Ўзбекистон ҳудудлари билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш учун катта истиқболлар кўраётганини таъкидлади. У ўтган йили бўлиб ўтган Тошкент халқаро туристик ярмаркасида Гоа делегациясининг самарали иштирокини эслатиб, ярмарка якунларига кўра эришилган амалий келишувлар бугунги кунда ҳаётга фаол татбиқ этилаётганини қайд этди.

Учрашувда қатор муҳим йўналишларда қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олинди. Жумладан:

  • ҳинд сайёҳларига Гоа пляжларидаги дам олишни Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сафарлар билан уйғунлаштириш имконини берадиган қўшма туристик маршрутлар ишлаб чиқиш;
  • туроператорлар, журналистлар ва блогерлар учун ўзаро танишув турлари ташкил этиш;
  • туристик объектларни бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бўйича илғор тажриба алмашиш;
  • туризм соҳаси учун биргаликда мутахассислар тайёрлаш;
  • тарих, гастрономия ва миллий анъаналарга қизиқувчи сайёҳлар учун Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш;
  • икки мамлакатнинг корпоратив мижозларини Ўзбекистон ва Гоада учрашувлар, конференциялар, кўргазмалар ва бизнес тадбирлар ўтказишга жалб этиш каби масалалар муҳокама этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон, айниқса Гоа штати ўртасидаги туристик алмашинувни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам салоҳият мавжудлигини қайд этди. Биргаликдаги амалий чоралар саёҳат географиясини кенгайтириш, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид