Кўчмас мулк | 08:09 / 04.12.2025
1529
2 дақиқада ўқилади

Қурилишда зилзилабардошлик талаблари бузилса, жавобгарлик оширилади

Президентнинг бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фармонига мувофиқ, ноқонуний ва хавфли қурилишларни эрта аниқлаш, бартараф этиш механизмлари такомиллаштирилади, зилзилабардошлик талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг жавобгарлиги кучайтирилади.

Фото: Kun.uz

Эндиликда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини таъминлаш бўйича ишлар янада кучайтирилади.

Президентнинг “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлашда давлат назорати ва бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонга кўра, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш бўйича механизмлар такомиллаштирилади.

Бу орқали қурилиш-пудрат ташкилотларининг объектлар қурилишида зилзилабардошлик талабларига риоя этиш бўйича жавобгарлиги оширилади, лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, хавфли қарорларни қабул қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик чоралари кучайтирилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • 2 ва ундан юқори қаватли барча кўп квартирали уй-жойларни инструментал-техник текширувдан ўтказишга ихтисослашган лойиҳа ташкилотларининг рўйхати шакллантирилади;
  • ушбу ташкилотларнинг рейтинги “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида юритиб борилади.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида инструментал-техник текширув хулосалари асосида бино ва иншоотларнинг техник ҳолати доимий мониторинг қилинади.

Фармон ижроси натижасида зилзилабардошлик талабларига жавоб бермайдиган қурилишларга йўл қўймаслик, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва қурилиш соҳасида масъулиятни тубдан ошириш кўзда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид