Авто | 13:47 / 04.12.2025
1903
2 дақиқада ўқилади

Россияда янги машиналар сотуви бир йилда 17,8 фоизга тушиб кетди

2025 йил январ–ноябр ойлари оралиғида Россияда 1,19 млн дона янги енгил автомобил сотилган, бир йил олдин эса бу кўрсаткич 1,45 млнни ташкил этган. Бу ҳақда «Автостат» таҳлил агентлиги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш маълумотлари асосида хабар берди.

Фото: Илья Наймушин/РИА Новости

2025 йилнинг 11 ойида Россияда 1,19 млн дона янги енгил автомобил сотилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 17,8 фоизга кам (ўшанда 1,45 млн дона автомобил сотилган эди), деб хабар берди чоршанба куни, 3 декабрда, «Автостат» таҳлил агентлиги автомобилларни рўйхатдан ўтказиш маълумотларига таяниб.

Шу билан бирга, ноябр ойида Россияда янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 5,0 фоизга ошгани қайд этилган — ушбу ойда 127,9 минг дона машина сотилган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 121,8 мингни ташкил этган.

Россия бозорида сотувлар бўйича етакчи бренд сифатида ҳанузгача маҳаллий ишлаб чиқарувчи «АвтоВАЗ»нинг LADA маркаси қолмоқда. Ноябр ойида янги автомобиллар савдосининг 21,4 фоизи айнан шу бренд ҳиссасига тўғри келди. Бироқ бир йил олдин бу улуш барча янги енгил автомобиллар сотувининг қарийб учдан бир қисмига, яъни 31,1 фоизга тенг эди.

Иккинчи ўринда оммaбоплик бўйича Хитойнинг Haval бренди қолмоқда, рейтингдаги учинчи поғонани эса илк бор фақат август ойида сотувга чиқарила бошланган янги Россия бренди TENET эгаллади. Россияда энг кўп сотилаётган автомобиллар топ-10 рўйхатига, шунингдек, Хитойнинг Geely, Changan, Chery ва Jetour маркалари, Беларус бренди Belgee, Россияда чиқариладиган Solaris ҳамда Япониянинг Toyota’си (3 970 дона) кирган.

The Moscow Times нашри таъкидлашича, Россия автомобил бозорида талаб динамикаси утилизация тўлови оширилиши жадвалига катта даражада боғлиқ: ушбу тўлов оширилишидан олдин савдо кескин ўсади, сўнгра жиддий равишда пасаяди. 2025 йилда утилизация тўловини ҳисоблашнинг янги тартибини 1 ноябрдан жорий этиш режалаштирилган эди, аммо кейинчалик бу муддатни бир ойга кечиктиришга қарор қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид