Жамият | 08:22
2984
2 дақиқада ўқилади

Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ер масаласини ҳал қилиб бериш эвазига катта миқдорда пора талаб қилган ҳоким ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари қўлга олинди.

Фото: Видеодан кадр

Тезкор тадбирлардан бирида Фарғона вилояти Боғдод туман ҳокимининг ўринбосари 8 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Терговга қадар текширув ҳаракатлари жараёнида аниқланишича, у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Бешариқ туманида яшовчи фуқаро “электрон онлайн аукцион” савдо платформаси орқали ижара ҳуқуқи асосида ютиб олган 2,4 сотих ер майдонини бошқа бир фуқарога мулк ҳуқуқи асосида ўтказиб беришни ваъда қилган.

Наманган шаҳрида эса шаҳар ҳокимининг маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ажратилган ер майдонларидан 8 сотих қисмини бир йил давомида нотурар жой сифатида фойдаланиб туриш ва кейин ер тоифасини турар-жой тоифасига ўзгартириб беришни ваъда қилган. Бунга алмашув сифатида у фуқародан 6 минг АҚШ доллари талаб қилган. У келишилган суммани олган пайтида ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Худди шундай ҳолат Янги Наманган тумани маҳалла фуқаролар йиғинларидан бири ҳудудида ҳам кузатилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси туман ҳокимлиги ва кадастр идорасидаги танишлари орқали маҳалладаги давлат захирасида бўлган 12 сотих ер майдони ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқародан 16 минг АҚШ доллари талаб қилган. У шундан 6 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланди.

Ҳозирда ушбу ҳокимликлар вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид