Жаҳон | 11:47
727
5 дақиқада ўқилади

Сўров: немислар ҳукумат ва пенсия тизимидан норози

Ҳукмрон коалиция ишидан фақат 20 фоиз немислар мамнун, Германия пенсия тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигига эса фақат 7 фоиз фуқаро ишонади. Deutschlandtrend’нинг декабр ойи сўровномаси асосий натижалари — DW материалида.

Фақат 20 фоиз немислар «қора-қизил коалиция» деб аталувчи ҳозирги ҳукмрон коалиция ишидан мамнун. Унга Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ), Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) ва Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) киради. Бундан жамоатчилик-ҳуқуқий ARD телеканали буюртмасига кўра Infratest dimap институти 1–3 декабр кунлари ўтказган Deutschlandtrend сўнгги сўровномаси натижалари гувоҳлик беради. Унда Германиянинг 1306 нафар ёши катта фуқароси иштирок этган.

Таққослаш учун: ноябрда эълон қилинган сўровнома ҳокимият ишидан қониқиш даражасини 22 фоиз даражасида қайд этган эди, ҳозир эса бу кўрсаткич яна октябр ойида кузатилган рекорд даражада пастга тушиб кетди. Агар бундестагга сайловлар яқинлашаётган дам олиш кунларида бўлиб ўтганида, ҳукмрон коалиция жами 41 фоиз овоз тўплаган бўлар эди: 27 фоиз респондентлар ХДИ/ХСИ блокини қўллаб-қувватлашга тайёр, қолган 14 фоиз эса ГСДП учун овоз берган бўларди. Ўта ўнг «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси бундай шароитда 25 фоиз овоз олган бўлар эди.

Федерал канцлер Фридрих Мерц ишидан бир ой ўтиши билан мамнун бўлганлар сони ҳам камайяпти — ноябрдаги 26 фоиз ўрнига ҳозир 23 фоиз. Вазирлар маҳкамаси аъзолари орасида немислар ишончига энг кўп сазовор бўлаётгани мудофаа вазири Борис Писториус ҳисобланади — сўровда иштирок этганларнинг 58 фоизи унинг ишидан мамнун.

Германия фуқароларининг мутлақ кўпчилиги — 90 фоизи — мамлакат пенсия тизимининг узоқ муддатли молиявий барқарорлигини пессимистик баҳолайди, фақат 7 фоиз киши бу фикрга қўшилмайди. Тахминан 80 фоиз эса пенсия таъминоти даражасидан, юкламаларнинг кексалар ва ёшлар ўртасида, шунингдек юқори ва паст маош олувчи немислар ўртасида тақсимланишидан норози.

81 фоиз фуқаро пенсия ёшини 70 ёшгача оширишга қарши. Деярли шунча — 76 фоиз — пенсия миқдорини ўртача маошнинг 48 фоизидан паст даражага туширишга қарши. Ҳукумат пенсия миқдорини 2031 йилгача айнан шу 48 фоиз даражасида мустаҳкамлаб қўймоқчи, жамият эса буни шу муддатдан кейин камайтириш режасига ишора сифатида қабул қилди.

Шу билан бирга, сўровда иштирок этганларнинг 78 фоизи «фаол пенсия» жорий этилишини қўллаб-қувватлади. Унга кўра, пенсия ёшига етганидан кейин ҳам ишлашда давом этаётган немислар ойига 2000 еврогача бўлган даромадидан солиқ тўлашдан озод этилади.

Сўров шуни ҳам кўрсатдики, Германия аҳолисининг 66 фоизи Россия ва Украина 2026 йили тинчлик келишуви тузишига ишонмайди. 2024 йил январ ойида ўтказилган сўров натижалари билан солиштирилганда, бундай фикрдагилар улуши 21 фоиз пунктга камайган. Шу вақт ичида уруш келаси йили тугаши мумкин, деб ҳисоблайдиган немислар сони 9 фоиздан 27 фоизгача ошган.

Шу билан бирга, немисларнинг 69 фоизи АҚШ президенти Доналд Трампнинг томонлар ўртасида тинчлик келишувига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, 21 фоиз респондент эса унинг ҳаракатларига салбий муносабатда. Бундан ташқари, 65 фоиз киши АҚШ позициясини Россияга нисбатан жуда ҳам илиқ, ҳаддан ташқари мойил, деб ҳисоблайди, 22 фоиз бу фикрга қўшилмайди.

Украина ҳудудларининг бир қисмини Россияга бериш ва Украина НАТОга аъзо бўлиши масалалари бўйича немисларнинг фикри деярли тенг икки лагерга бўлинган: 48 фоиз Украина урушни тўхтатиш учун ерларнинг бир қисмини беришга тўғри келади, деб ўйлайди, 43 фоиз эса бунга қўшилмади. Украина узоқ муддатли истиқболда Шимолий Атлантика алянсига аъзо бўлиши керак, деган фикрга 45 фоиз аҳоли қўшилган бўлса, шунча киши бу фикрга қарши.

Сўровда иштирок этганларнинг 67 фоизи Евроиттифоқнинг 2035 йилдан бошлаб ички ёнув двигателли автомобиллар ишлаб чиқаришни бутунлай тўхтатиш режаларини нотўғри, деб ҳисоблади. 2025 йил январ ойидан буён бу қарорга қарши бўлганлар улуши яна 5 фоиз пунктга ошди. ЕИ режаларини 28 фоиз респондент қўллаб-қувватламоқда.

Ташаббуснинг энг кўп танқидчилари ГуМ тарафдорлари орасида — 94 фоиз, ХДИ/ХСИ блоки тарафдорлари орасида — 75 фоиз ва ГСДП электорати орасида — 54 фоиз. ЕИ режалари энг катта қўллаб-қувватлашга эса «Иттифоқ-90»/«яшиллар» партияси тарафдорлари (77 фоиз) ва «Сўллар» партияси тарафдорлари (61 фоиз) томонидан эга бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид