Жаҳон | 09:21
1496
9 дақиқада ўқилади

Кушнер – тинчлик бўйича музокарачи: Украинани нима кутмоқда?

Америкалик тадбиркор ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер яқинда Россиянинг Украинага қарши урушига барҳам бериш ва тинчлик келишувини тузиш бўйича музокаралар жараёнига очиқ равишда қўшилди.

Фото: REUTERS

Жаред Кушнер номи Россиянинг Украинага қарши уруши контекстида омма олдида кутилмаганда 19 ноябр куни пайдо бўлди. Америка ОАВ у Россия вакили Кирилл Дмитриев билан учрашувдан сўнг “28 банддан иборат махфий тинчлик режаси”ни ишлаб чиқишда гўёки иштирок этгани ҳақида хабар берди.

23 ноябр куни эса америкалик бизнесмен ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер Женевада АҚШ, Украина ва Европанинг бир қатор давлатлари ўртасидаги музокаралар даврасида расман музокара столида ўтирди, у ерда АҚШнинг тинчлик таклифлари муҳокама қилинган эди. Орадан бир неча кун ўтгач, Кушнер Майамида Украина делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларда иштирок этди, шундан сўнг эса Стив Уиткофф билан бирга қайта ишланган режани муҳокама қилиш мақсадида Москвага, Россия президенти Владимир Путин билан учрашувга жўнаб кетди. У ердан эса яна Украина томонидан бош музокарачи бўлган Рустем Умеров билан учрашиш учун Флоридага қайтди.

Шу тариқа бир неча кун ичида Жаред Кушнер Қўшма Штатларнинг Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишуви тузиш борасидаги асосий музокарачиларидан бирига айланди. У нега музокара жараёнига қўшилди ва Украина ундан нима кутиши мумкин?

“Женевада бўлгани каби, мен Жаред Кушнернинг ёндашувини ва у ўз қарашини қандай ифода этаётганини қадрлайман”, — деб ёзди у ҳақда Майамидаги учрашувдан сўнг Х ижтимоий тармоғида Украина ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Сергей Кислица. Украина расмийлари томонидан Трампнинг куёвининг музокара жараёнида тутган ўрни ҳақида бошқа расмий изоҳлар бўлгани йўқ.

DW’га музокаралар бориши ҳақида хабардор манбанинг маълум қилишича, Кушнер бошиданоқ АҚШнинг тинчлик таклифларини муҳокама қилиш жараёнига жуда фаол киришган ва муҳокама қилинаётган барча масалалар бўйича профессионаллик ҳамда яхши хабардорликни намойиш этган.

“Бироз кутилмаган ҳол бўлди: бундай даражадаги инсон ноутбукни чиқариб, муҳокама қилинганларни – бандма-банд, барча таклифлар ва ифода вариантларини – жуда батафсил ҳолда мустақил равишда ҳужжатга ёза бошлади. Одатда бундай техник ишни бошқалар бажаради, у эса ўз қўли билан қилаётган эди. У режанинг ҳар бир банди мантиғини ўрганар, нимани муҳокама қилаётганларини тушуниб олишга ҳаракат қилар, мулоқот ва тузатишлар учун очиқ эди”, — деди музокаралар боришидан хабардор, DW билан махфийлик шартида гаплашган манба.

Бироқ Кушнернинг асосий тажрибаси барибир бизнес соҳасига тааллуқли, шу боис “унинг делегация таркибига киритилиши музокараларнинг устувор йўналишини иқтисодий таркибий қисм ва натижага жуда кучли равишда боғлаб қўяди”, дея қўшимча қилди манба.

Жаред Кушнер – бизнесмен, Kushner Companies девелоперлик компанияси эгаси ва Affinity Partners инвестиция фонди асосчиси. Унинг ота-боболари Украина ва Беларусдан чиққан муҳожирлар бўлган. Тарихчи ва маҳаллийшунос Степан Колодницкий маълумотларига кўра, Жаред Кушнернинг она томондан бобоси гўёки Тернопил вилоятидаги Подгайци қишлоғида туғилган.

Кушнер Яқин Шарқда йирик битимлар бўйича муваффақиятли музокарачи сифатида танилган, аммо Украинадаги тинчликни таъминлаш жараёнида у ҳали янгилик қилаётган фигура ҳисобланади. Шу билан бирга, Киевда қайд этишларича, энг муҳими шундаки, у Доналд Трамп энг ишонадиган инсонлар доирасига киради. Шу аёнки, буни биргина оилавий алоқалар билан ҳам изоҳлаш мумкин — чунки Жаред Кушнер АҚШ президентининг катта қизи Иванка Трампга уйланган.

“Трамп учун ҳозир Украина бўйича музокараларда ишончли инсоннинг иштирок этиши жуда муҳим. У Стив Уиткофф қўйилган вазифаларни барча жиҳатдан уддалашига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган. Шу сабабдан Трамп Уиткоффни суғурталаш ҳамда АҚШ президентига керакли маълумотларни ҳақиқатан етказиб туриши, ҳар бир учрашув бутун музокаралар тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир пайтда, куёвига мурожаат қилди. Бу, маълум маънода, оилавий дипломатия”, — деб ҳисоблайди халқаро сиёсат бўйича эксперт, сиёсий фанлар номзоди Станислав Желиховский. У келажакда Стив Уиткофф Украина–Россия музокараларидан четлатилиб, унинг ўрнини айнан Кушнер эгаллаши мумкинлигини истисно этмайди.

DW билан суҳбатда эксперт эслатишича, Трамп жамоасида Кушнер Яқин Шарқ масалалари билан шуғулланган. Унинг иштироки билан Исроил ва араб давлатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича бир қатор муҳим келишувлар — “Иброҳим келишувлари” деб аталадиган битимлар имзоланган. Шунингдек, Кушнер Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим келишуви бўйича музокараларга ҳам жалб этилган; Желиховский фикрича, шу боис Трамп Россиянинг Украинага қарши урушига ҳам шундай муваффақиятли барҳам беришга умид қилмоқда.

“Бироқ Яқин Шарқ тажрибаси шуни кўрсатдики, фақат тинчлик режалари етарли эмас. Агар келишув етарлича пухта ишлаб чиқилмаса, Украина яна уруш майдонига айланиб қолиш хавфи бор. Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувини тузиш учун бизнесда битимлар тузиб ўрганган одамларгина эмас, балки профессионал мутахассислар керак”, — деб қўшимча қилади эксперт.

“Украинский меридиан” жамоатчилик тадқиқотлари маркази директори Дмитрий Левус фикрича, Жаред Кушнер “барчасини битимлар тузиш ва барча нарсани иқтисодийлаштириш орқали ҳал қилиш мумкин, деган иллюзияларда яшайди”, шу орқали эса “Россия ўз кун тартибини америкаликлар қўли билан илгари суришга ҳаракат қилмоқда”.

“Москва бу ҳолатдан фойдаланиб, йирик савдо битимлари мавзусидан фойдаланмоқда. Америкаликлар эса бунга берилиб, айнан Кушнер сиёсатни иқтисодиёт билан боғлай оладиган ҳалқа, деб ҳисобламоқда”, — деб таъкидлади Левус DW’га берган изоҳида.

DW’га Украин ҳокимиятидаги манбанинг таъкидлашича, Киев расмийлари Жаред Кушнерни “совуқ ақлга эга, натижага йўналтирилган шахс, у Доналд Трампга Украинанинг ҳақиқий мақсад ва Россиянинг ниятларини етказиб, Путинни қоидаларга мувофиқ ўйнашга мажбур қила олади”, деб умид қилмоқда.

“Биз керак бўлган жойга борамиз, кун-у тун Украина учун мақбул бўлган муросали ечимни топишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин биз Москва ултиматумларини ҳам, у ерда Америка делегацияси қандай қабул қилинаётганини ҳам кўряпмиз. АҚШ музокаралар гуруҳи Россияни адолатли ечимга ундаш учун ўз ихтиёрида муайян воситаларга эга бўлиши муҳим. Кушнер бундан хабардор: эҳтимол, тескари томондан жараён фаолроқ бўлиши учун ана шундай воситаларни ишга солиш керак”, — деди DW манбаси.

Украинанинг собиқ ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 1 декабр куни маълум қилишича, 2024 йил баҳорида у Кушнер билан алоқани ўрнатишга муваффақ бўлган, бироқ у пайтда Украина президенти Володимир Зеленский ўз аппарати раҳбари Андрей Ермакнинг позициясини қўллаб-қувватлаган ва бу контактни чуқурлаштиришга рухсат бермаган.

Кулебанинг сўзларига кўра, ўшанда Ермак “Кушнер ‘ишларда иштирок этмаётгани’, унга таяниш керак эмаслиги” ва Доналд Трамп атрофидаги одамлар билан алоқаларни Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида АҚШ давлат котиби лавозимини эгаллаган Марк Помпео орқали қуриш зарурлигини айтган.

“Мен Кушнер билан мулоқотни давом эттириш учун мандат олмаганман. Ва мана – бир ярим йил ўтяпти, Кушнер эса асосий музокарачига айланяпти”, — деди Кулеба. Собиқ вазирнинг фикрича, агар ўша пайтда Кушнер билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш имкони бўлганида, Украина АҚШ делегацияси таркибида ўзига нисбатан анча кўпроқ ҳамдард бўлган шахсни қўлга киритган бўлар эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид