Ўзбекистон | 09:10 / 08.12.2025
2102
1 дақиқада ўқилади

Исломободда “Янги Ўзбекистон” массиви ва боғи барпо этилади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Исломобод шаҳри яқинида жойлашган Capital Smart City лойиҳаси ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви ва “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаевнинг Покистоннинг Habib Rafiq Pvt. Ltd компанияси бош менежери Аслам Малик билан учрашувида муҳокама қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида томонлар компаниянинг Ўзбекистондаги қурилиш ва инфратузилма лойиҳаларида, жумладан Янги Ўзбекистон массивлари ва Янги Тошкент шаҳридаги қурилиш ишларида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқди. Шунингдек, Ўзбекистондаги йирик қурилиш компанияларини Покистонда амалга оширилаётган Capital Smart City лойиҳасига жалб этиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Аслам Малик Ўзбекистондаги шаҳарсозлик ислоҳотлари, инфратузилмани янгилаш ва янги турар жой массивларини барпо этиш соҳасида жамғарилган тажриба Покистон учун ҳам аҳамиятли эканини қайд этди. У “Янги Ўзбекистон” концепциясини Исломобод яқинида амалга оширилаётган лойиҳаларга интеграция қилиш таклифини билдирди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш, Habib Rafiq Pvt. Ltd делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида қўшма музокараларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид