Жаҳон | 21:07 / 08.12.2025
896
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЕХҲТни ирқчилик ва ксенофобияга қарши курашишга чақирди

Тўққиз мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, шу жумладан Ўзбекистон ҳам «ирқчилик ва ксенофобия руҳидаги турли экстремистик ҳаракатлар ва мафкураларнинг, шу жумладан, тарафдорлари миллий ёки ирқий устунлик ғояларини ҳимоя қиладиган неонацизмнинг тарқалаётганини» қайд этди.

Фото: OSCE

Россия, Озарбойжон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Сербия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини (ЕХҲТ) нацизм ва ксенофобия кўринишларига қарши курашишга чақирди. Бу ҳақда Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан берилган баёнотда (.pdf) айтилади.

«Биз ирқий устунлик ғояларининг тарқалиши, ирқчилик, ксенофобия ва улар билан боғлиқ камситиш кўринишларига қарши курашиш учун EХҲТ барча имкониятларидан фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Биз амалдаги ЕХҲТ раислигини, шунингдек, ЕХҲТ ижро этувчи тузилмалари раҳбарларини неонацизм, нацистлар ва уларнинг шерикларини қаҳрамонлаштириш ва реабилитация қилиш ҳолатларига муносиб баҳо беришга чақирамиз», дейилади ташкилот ТИВ раҳбарлари кенгашида.

Тўққиз мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари «ирқчилик ва ксенофобия руҳидаги турли экстремистик ҳаракатлар ва мафкураларнинг, шу жумладан, тарафдорлари миллий ёки ирқий устунлик ғояларини ҳимоя қиладиган неонацизмнинг тарқалаётганини» қайд этди.

Улар «нацистлар ҳаракатини қаҳрамонлаштириш, собиқ Ваффен-СС аъзолари ва уларнинг шерикларини реабилитация қилиш, улар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни инкор этишга қаратилган фаолиятга қатъий чек қўйиш ниятини» билдирди ва Иккинчи жаҳон урушининг тарихий хотирасини сақлаб қолиш ва неонацизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қилдилар.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид