Жаҳон | 13:23 / 24.11.2025
3503
3 дақиқада ўқилади

Германияда нацистлар лагерининг 100 ёшли қўриқчисига жиноий иш очилиши мумкин

Дортмунд прокуратураси 100 ёшли собиқ қўриқчи совет ҳарбий асирлари лагерида қотилликларда иштирок этган-этмаганини текширмоқда. Хемер шаҳридаги Stalag VI A лагерида тахминан 24 минг асир ҳалок бўлган.

Фото: ullstein bild

Германия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Хемер шаҳрида совет ҳарбий асирлари учун ташкил этилган лагер собиқ қўриқчисининг фаолияти бўйича терговни бошлади. Якшанба, 23 ноябр куни Людвигсбургда жойлашган национал-социализм жиноятларини тергов қилиш маркази раҳбарининг ўринбосари, прокурор Михал Отте DW'га маълум қилишича, дастлабки текширув якунланганидан сўнг иш материаллари Дортмунд прокуратурасига юборилган.

Дортмунд прокурори Андреас Бренделнинг айтишича, ҳозир у ҳам мазкур иш бўйича тергов ўтказмоқда. Айбланаётган шахсга 1943–1944 йилларда Хемерда жойлашган VI A стационар лагерида (Stammlager, қисқача Stalag) қўриқчи сифатида хизмат қилган даврида «қотиллик содир этишга қаратилган ҳаракатларда» иштирок этганлик айби қўйилмоқда, деди Брендел Bild газетасига.

Октябр ойи охирида бу тергов ҳақида Шлезвиг-Голштейннинг Quickborner Tageblatt газетаси ҳам ёзган эди. Нашр қайд этишича, иш умуман судгача етиб бориши-бормаслиги ҳали ноаниқ: бу учун прокуратура етарли даражада далиллар тўплаши, шунингдек айбланаётган шахс суд олдида жавоб беришга лаёқатли деб топилиши ва суд жараёнигача етиб бориши керак бўлади.

Хемердаги Stalag VI A лагери 1939 йилда ташкил этилган. У 1942 йил кузида Совет Иттифоқи ҳарбий асирлари учун лагерга айлантирилганидан сўнг ўлим ҳолатлари кескин кўпайган — у ерда тахминан 24 минг асир ҳалок бўлган. Ҳаддан ташқари тўлиб кетган бу лагерда сақлаш шароити фожиавий эди: санитария ҳолати жуда ёмон, паразитлар кўпайган, дизентерия ва сил кенг тарқалган. Маҳбуслар озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чеккан ва оғир меҳнатга, жумладан, кўмир конларида ишлашга мажбурланган. Лагер 1945 йил апрел ойида АҚШ армияси томонидан озод этилган.

Quickborner Tageblatt октябр ойида ёзганидек, ҳозир Германия «нацистлар даврини ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқишнинг якуний босқичи остонасида» турибди. Нашр ёдга солишича, 2022 йил декабрида Штутгоф концентрация лагери собиқ котибаси Ирмгард Фурхнерга 97 ёшда чиқарилган ҳукм «Германияда нацистларга ёрдам берган аёлга қаратилган охирги ҳукм» сифатида аталаётган эди ва, эҳтимол, шундай бўлиб қолади.

Газета ҳисоб-китобларига кўра, уч йил олдин Германияда ёши 96 дан 101 ғача бўлган нацистларга кўмаклашган собиқ шахсларга қарши еттита жиноий иш олиб борилган. Бу ишларининг барчаси кейинчалик тўхтатилган — айбланувчилар вафот этгани, руҳий ёки жисмоний жиҳатдан суд олдида жавоб беришга лаёқатсиз деб топилгани ёки далиллар етарли эмаслиги сабабли.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид