Иқтисодиёт | 13:32
493
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аграр секторига Британия компанияси жалб этилмоқда

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Буюк Британиянинг ўсимликлар чангланишини назорат қилиш бўйича етакчи компанияларидан бири – PBS International ижрочи директори Ханна Сениор билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида селекция ва уруғчилик соҳасида инновацион технологиялар асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: “Дунё” АА

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг PBS International компанияси ижрочи директори Ханна Сениор билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

PBS International – ўсимликлар чангланишини назорат қилиш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. 50 йилдан ортиқ тажрибага эга ушбу компания ўсимлик селекционерлари ва уруғ ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотлар ишлаб чиқаради ҳамда 35 дан ортиқ давлатга экспорт қилади.

Суҳбат давомида Британия томони Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, экинлар диверсификацияси ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

PBS International вакили компаниянинг чангланиш жараёнини самарали бошқаришга қаратилган инновацион ечимлари орқали юқори сифатли навларни яратишда, уруғчилик самарадорлигини ошириш ва ҳосилдорликни кўтаришда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Тадбирда селекция ва уруғчилик соҳасида британиялик ва ўзбекистонлик мутахассисларнинг тажриба алмашиши учун турли учрашув ва семинарлар ташкил этиш, соҳага янги инновацион лойиҳаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар аграр секторда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етиштириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва илғор илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканини таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид