Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев деҳқон ва фермерларга давлат мукофотларини топширди
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида президент Шавкат Мирзиёев муассаса ва корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, кластерлар, илмий ташкилотлар ҳамда ҳокимликлар вакилларидан иборат бир гуруҳ соҳа фидойиларини юксак давлат мукофотлари билан тақдирлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Тантанали маросимда давлат раҳбари ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.
«Албатта, бундай улкан натижалар ортида деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилиги турибди, десак тўғри бўлади. Уларнинг заҳмати, мард ва олижаноб фазилатлари ҳар қанча эътироф ва эътиборга муносиб. Шунинг учун ҳам бугун Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида сизлар билан кўришиб, суҳбатлашиб, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлашга қарор қилдим», – деди президент.
Мукофотланганлар орасида пахтадан гектаридан 80–90 центнер, ғалладан 115 центнергача ҳосил олган, далаларида сув тежовчи технологиялар ва насосларига қуёш панелларини кенг жорий этган фермер ва кластерлар, мева-сабзавот, чорва, парранда, балиқчилик ва асаларичиликда интенсив усулларни қўллаб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспортга катта ҳисса қўшаётган деҳқон ва тадбиркорлар бор.
Шунингдек, сув танқис шароитда каналларни бетонлаш, сув ҳисобини йўлга қўйиб, адолатли тақсимлаётган ирригация ва мелиорация ходимлари, қишлоқ ва сув хўжалигига илм-фаннинг янги ютуқларини олиб кираётган, уруғчилик, наслчилик ва агротехнология бўйича инновациялар яратаётган олимлар ҳам давлат мукофотлари билан тақдирланди.
Пахта, ғалла ва боғдорчиликда кескин ўзгаришга эришган Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, шунингдек Қува, Балиқчи, Дўстлик, Қуйи Чирчиқ ва Нукус туманлари ҳокимлари ҳам мукофот соҳиби бўлди.
Маросим якунларида давлат раҳбари юксак унвон, орден ва медалларни ўз эгаларига шахсан топширди.