Ўзбекистон | 14:30 / 11.12.2025
993
3 дақиқада ўқилади

Корхоналарда иссиқлик хўжалигини юритиш бўйича янги меъёрлар жорий этилади

Ўзбекистонда корхоналарда иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларини техник эксплуатация қилиш тартибини белгилайдиган янги қоидалар тасдиқланади. Улар ишлаб чиқаришда хавфсизликни таъминлаш, энергияни тежаш ва иссиқлик хўжалигини самарали бошқаришни кўзда тутади.

Фото: tashteplocentral.uz

Ўзбекистонда корхоналарда иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларини эксплуатация қилишни тартибга солувчи янги меъёрий ҳужжат қабул қилинади. Мазкур қоидалар расмий эълон қилинган кундан кучга киради ва мавжуд идоравий ҳужжатларнинг бир қисмининг амалини тугатади.

Янги қоидалар иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар, иссиқлик тармоқлари, иссиқлик манбалари, иссиқлик таъминотининг очиқ ва ёпиқ тизимлари, иссиқлик пунктлари, конденсат йиғиш ва қайтариш тизимлари каби тушунчаларга аниқ таъриф беради. Қоидалар маиший истеъмолчилардан ташқари, иссиқликдан фойдаланувчи қурилмаларга эга барча корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларга тааллуқли ҳисобланади.

Ҳужжатга кўра, корхоналарда иссиқлик хўжалигининг техник ҳолати ва хавфсиз ишлаши учун масъул шахслар корхона раҳбари буйруғи билан тайинланади. Улар иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларининг соз ҳолатда бўлиши, истеъмолчиларга иссиқлик энергиясини ишончли етказиб бериш, хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этилишини таъминлаши шарт.

Янги меъёрларга мувофиқ, иссиқлик хўжалигига хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус ўқув курсларидан ўтиб, белгиланган тартибда билимлар синовидан ўтиши ва тегишли гувоҳнома олиши лозим. Ходимларнинг ўз вазифалари бўйича билимлари ҳар йили ёки белгиланган муддатларда қайта текшириб борилади. Иссиқлик ускуналари ва тармоқларида юз берган ҳар бир авария, носозлик ёки бахтсиз ҳодиса алоҳида тартибда ўрганилиб, сабаблари таҳлил қилинади ва уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Қоидаларда иссиқликдан фойдаланувчи қурилмалар ва иссиқлик тармоқларини режали профилактик таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш, уларни ишга тушириш ва эксплуатацияга қабул қилиш тартиби ҳам атрофлича белгилаб қўйилган. Жумладан, ускуналар техник шартлар ва амалдаги стандартларга жавоб бериши, паспорт ва зарур техник ҳужжатлар билан таъминланган бўлиши керак.

Энергияни тежаш ва иссиқлик балансини яхшилаш мақсадида корхоналарда иссиқлик энергияси, буғ ва конденсат сарфини ўлчаш, таҳлил қилиш, солиштирма сарф меъёрларини жорий этиш, иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланиш чоралари кўзда тутилган. Конденсатни йиғиш ва иссиқлик манбаи томон қайтариш, иссиқлик тармоқларида йўқотишларни камайтириш корхоналар зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

Янги қоидаларда иссиқлик тармоқлари, иссиқлик пунктлари, сув иситиш қурилмалари, иситиш ва шамоллатиш тизимлари, иссиқ сув таъминоти, иссиқлик алмашуви аппаратлари, иссиқлик ўлчов асбоблари ва автоматик ростлагичларни эксплуатация қилишга доир махсус параграфлар алоҳида иловалар кўринишида белгиланган. Шу билан бирга, ёнғин хавфсизлиги, аварияларга қарши ҳаракат қилиш, ишчи сменаларни ташкил этиш ва навбатчи ходимларнинг жавобгарлиги юзасидан ҳам аниқ талаблар киритилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид