Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қишда сочлар нима учун кўпроқ зарарланади? Мутахассислар тавсиялари
Қиш фасли — нафақат тери ва саломатлик, балки соч учун ҳам қийин давр ҳисобланади. Совуқ ҳаво, уйдаги иссиқ батареялар, шамол ва шапка остида қолган муҳит — буларнинг барчаси соч тузилишини заифлаштиради. Мутахассислар қиш мавсумида соч парваришига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилмоқда.
Нега қишда сочлар тез зарарланади?
Бунга сабаблардан бири – совуқ ҳаво сочни қуритади. Ташқи муҳитдаги паст ҳарорат сочдаги табиий намликни тез буғлантириб юборади. Шу сабаб совуқ кунларда соч қобиғи (кутикула) очилиб кетади ва соч қуриб, синувчан бўлиб қолади. Фақат совуқ эмас, уй ичидаги батареялар ҳавони қуритиши оқибатида ҳам сочлар азият чекади. Чунки қуруқ ҳавода соч ва бош терисидаги намлик камаяди. Мутахассислар айтишича, қишда соч тез қуриб, мўртлашиб қолишининг асосий сабабларидан бири айнан шу.
Бундан ташқари совуқда кўпинча бош кийимда юриш ҳам бироз эътибор талаб қилади. Шапка кийганимизда бош терисида ҳаво айланиши пасаяди. Бу ёғнинг кўпайишига, сочнинг ёғланиб қолишига ва шамолда электрланишига сабаб бўлади. Албатта, шапкасиз юриш касалликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун парваришни кучайтириш сочларни соғлом сақлайди.
Қишда рационда витаминли маҳсулотлар камайгани учун ҳам соч ўсиши секинлашади, унинг кучли ва бир текис бўлишига таъсир қилади.
Қишда сочга қандай парвариш керак?
Намлантирувчи шампун ва маскаларни танланг. Қуруқ ва совуқ ҳаво таъсирида соч тез мўртлашади. Шунинг учун қишда намлантирувчи шампунлар, кондиционерлар ва ҳафтада камида 1 марта озиқлантирувчи маскалар қўллаш тавсия этилади.
Иссиқдан ҳимояловчи воситаларни унутманг. Қишда фенни кўп ишлатамиз. Шу боис иссиқдан ҳимояловчи спрейлар сочни синишдан сақлайди. Фенни юқори ҳароратда эмас, ўртача ҳароратда қўллаш керак.
Табиий ёғлар — энг яхши ёрдамчи бўлади, масалан, арган ёғи, кастор ёғи, зайтун ёғи ва кокос ёғи — қишда сочни тиклаш учун энг самарали табиий воситалар ҳисобланади. Улар сочни озиқлантиради, қалинлаштиради ва ялтиратади.
Бундан ташқари, шапка танлашга эътиборли бўлиш керак, синтетик материаллар сочни электрлантиради. Шунинг учун табиий матоли шапкаларни танлаш, ичига ипак ёки пахтали астар қўйиш фойдали.
Тўғри овқатланиш соғлом сочлар сабабчиси эканини билармидингиз? Витамин B гуруҳи, темир, цинк, омега-3 ва протеин — қишда сочнинг асосий “қуввати” ҳисобланади. Рационга тухум, балиқ, ёнғоқлар, кўкатлар ва қора шоколад қўшиш тавсия этилади.
Қиш — соч учун синовли фасл. Ўз вақтида ва тўғри парвариш қилинса, соч нафақат зарарланмайди, балки янада соғлом, ялтироқ ва жозибадор бўлиб қолади. Муҳими табиий воситалардан мунтазам ва тўғри фойдаланиш жилокор сочлар гарови бўлади.
Мавзуга оид
19:18 / 05.03.2026
Россия аэропортида ўзбекистонлик 10 кг соч билан ушланди
09:00 / 16.10.2025
Ярми кукун, лимит кам, омбор узоқ — попликлар кўмир таъминотидан норози
19:24 / 04.08.2025
Соч тўкилиши табиий жараёнми ёки касаллик? Уни қандай даволаш мумкин?
14:46 / 21.02.2025