Жаҳон | 16:01 / 12.12.2025
3235
5 дақиқада ўқилади

Дума “чет элда яшириниб юрганлар” учун чекловлар тайёрламоқда

Давлат думасининг чет давлатлар аралашувини тергов қилиш бўйича комиссияси “чет эл агенти” ва бошқа моддалар бўйича таъқиб қилинаётган, чет элда яшаётган россияликлар учун бир қатор чекловлар ишлаб чиқди. 

Фото: Ведомости

РФ Давлат думасининг чет давлатлар аралашуви фактларини тергов қилиш бўйича комиссияси Россияда жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган, бироқ ҳозир чет элда бўлган россияликлар учун чекловлар назарда тутилган қонун лойиҳалари пакетини тайёрлади. Бу ҳақда комиссиянинг Telegram-каналида 11 декабр, пайшанба куни хабар берилди.

У ерда айтилишича, тайёрланаётган чоралар РФ фуқароларига — жиноий моддалар бўйича ёки Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексдаги олти тоифа бўйича айбдор деб топилганларга нисбатан татбиқ этилади. Аниқроғи, гап қуйидагилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида кетмоқда: Адлия вазирлигининг “чет эл агентлари” ҳақидаги қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаслик; “чет эл агенти” фаолияти тартибини бузиш; РФ ҳудудий яхлитлигини бузишга даъватлар; РФга қарши санкциялар жорий этишга даъватлар; РФ Қуролли кучларини “обрўсизлантириш” ва “номақбул” ташкилот фаолиятида иштирок этиш.

Депутатлар, жумладан, бундай вазиятга тушиб қолган россияликларга якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтишни тақиқлашни таклиф қилмоқда, уларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини “тўхтатиб туриш” (яъни амалда уни сотиш ҳуқуқини чеклаш) ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатишни кўзламоқда. Шунингдек, уларга транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишни тақиқлаш, кредит шартномаси тузишни, давлат ва муниципал хизматларни онлайн олишни рад этиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, бундай “қоидабузарлар”нинг лицензиялари тўхтатиб турилиши, Россияда масофавий банк хизматларидан фойдаланиши тақиқланиши керак. Ушбу чекловлар доирасига тушган россияликларнинг пул маблағлари музлатиб қўйилади, ишончнома орқали улар манфаати учун битимлар тузиш имкони бўлмайди. Комиссия раҳбари Василий Пискарёв баёнотига кўра, уларга айрим консуллик хизматлари ҳам рад этилади.

Чекловлар РФ бош прокурори ёки унинг ўринбосари қарори билан жорий этилиши кўзда тутилмоқда. “Бундан ташқари, Бош прокуратура интернетда жойлаштириладиган оммавий реестр — ‘Вақтинчалик чеклов чоралари қўлланаётган шахслар рўйхати’ни юритади”, деб қайд этилган хабарда.

Россиялик муҳожирларга ёрдам берадиган “Ковчег” лойиҳаси раҳбари, юрист Анастасия Буракова фикрича, агар тегишли қонун қабул қилинса, маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилганлар амалда жиноий ишлар бўйича ҳукм қилинганларга қўлланадиган чекловлар билан тўқнаш келади. У “энг хавфли нарса” сифатида “айрим консуллик хизматларини беришни рад этиш”ни кўрсатди.

“Урушга қарши, Кремлга қарши фикр билдирган одамлар зарба остида қолади”, — дея тахмин қилди у DW билан суҳбатда.

Буракова эслатишича, амалдаги Россия қонунчилигига кўра “ҳар қандай жиноий иш автоматик равишда чет элга чиқиш паспортини беришни тақиқлашга олиб келади”. Шу билан бирга, Россия ҳокимияти жиноий ишларни ҳатто ижтимоий тармоқлардаги кўп йиллар олдинги постлар учун ҳам қўзғатиши мумкин.

Юрист таъкидлашича, маъмурий моддалар бўйича жавобгарликка тортилганларга ҳам чет элга чиқиш паспортини олиш ва Россияда бирор ҳаракат учун ишончномалар расмийлаштириш борасида рад жавоблари берилаётган ҳолатлар бор. Агар чекловлар ҳақидаги қонун қабул қилинса, “бу амалда тезлашган фуқаросизлик ҳолатини янада кучайтиради”, деб ҳисоблайди эксперт. Унинг фикрича, кейинги йилларда россиялик релокантлар энг хавфсиз деб ҳисоблаган Европа ва бошқа давлатларда ҳам ҳақиқий шахсни тасдиқловчи ҳужжати йўқ муайян сондаги одамлар пайдо бўлиши мумкин.

Шунга қарамасдан, ҳуқуқ ҳимоячиси “паровоздан олдин югурмаслик”ка, яъни ҳужжатнинг якуний матни тайёр бўлмагунча ҳеч қандай хулоса қилмасликка чақирмоқда. “Комиссия кўп пропагандистик, қўрқитишга қаратилган таклифларни киритади. Пискарёв бугун айтган ташаббуслар ҳам ҳали кўп марта ўзгаради”, — дея тушунтирди Анастасия Буракова. — “Лекин, албатта, яхшиланмайди — ‘гайкалар’ янада қаттиқроқ қотирилади”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид