Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Электрон рецепт рўйхатини Экспертлар кенгаши босқичма-босқич шакллантиради
Адлия вазирлигида “Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартибини белгилайдиган низом давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, рецепт асосида бериладиган айрим дори воситалари эндиликда электрон шаклда тайинланади ва тасдиқланади.
“Электрон рецепт” тизимини босқичма-босқич жорий этиш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3725-сон, 2025 йил 15 декабр).
Низомга мувофиқ, беморга тайинланган дори воситалари ҳақидаги маълумот электрон рецептга бевосита шифокор томонидан киритилади. Рецепт эса электрон тасдиқлаш усуллари орқали тасдиқланади.
Электрон рецептга ўтказиладиган дори воситаларининг гуруҳларини шакллантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Экспертлар кенгаши ташкил этилади. Мазкур кенгаш электрон рецепт тизимига босқичма-босқич ўтказиладиган дори воситалари рўйхатини шакллантириб боради.
Қайд этилишича, рецепт билан бериладиган дори воситаларини электрон рецепт асосида тайинлашнинг 1-босқичида қуйидаги гуруҳлар қамраб олинади:
антибиотиклар ва тизимли таъсир этувчи синтетик антибактериал дори воситалари;
тизимли таъсир этувчи гормонал дори воситалари.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ташкил қилинган 1003 қисқа рақамли Call-марказ орқали ётоқ режимида бўлган ва сурункали касалликка чалинган беморлар учун қатор имкониятлар йўлга қўйилиши белгиланган. Жумладан, улар ўзлари бириктирилган оилавий шифокорга мурожаат қилиши, шунингдек даволаш курсини давом эттириш учун оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассисига масофадан мурожаат қилиш орқали электрон рецепт олиши мумкин бўлади.