Технология | 12:44 / 16.12.2025
1574
2 дақиқада ўқилади

iPhone’дан Android’га ўтиш энди анча осон

Apple ва Google фойдаланувчилар учун қулай бўлган янги ечимни ишга туширди. Энди iPhone’дан Android’га маълумот кўчириш учун алоҳида илова юклаш ёки телефонларни сим билан улаш шарт эмас.

iOS 26.3 beta 1 версиясида «Android’га кўчириш» функцияси янгиланди. Жараён жуда содда. iPhone созламаларида QR-код яратилади, Android телефон эса уни сканерлайди. Шундан сўнг икки қурилма ўзаро автоматик Wi-Fi алоқа ўрнатади ва маълумотлар кўчиши бошланади.

Янги усул орқали фото ва видеолар, контактлар, ҳужжатлар, эслатмалар, иловалар ва ҳатто илова кэшларини ҳам ўтказиш мумкин. Фақат пароллар, тўлов маълумотлари, ҳимояланган эслатмалар ва «Яширин» папкадаги файллар кўчирилмайди.

Бу имконият Европа Иттифоқининг рақамли бозорлар ҳақидаги талаби асосида яратилган бўлса-да, у фақат Европа билан чекланмайди. Функция бутун дунё бўйлаб мавжуд ва бунинг учун икки қурилма энг сўнгги тизимга янгиланган бўлса кифоя.

Технологиялар тез ўзгараётган бугунги кунда энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳим. Рақамли дунёда адашиб қолмаслик ва шундай янгиликларни биринчилардан билиш учун KUN.UZ Texnologiya Телеграм саҳифасини кузатиб боринг.

Тайёрлаган:  Аббос Юсуфжонов

Мавзуга оид