Жаҳон | 14:30
640
2 дақиқада ўқилади

Немис бизнеси Украинага ёрдамни Германия буюртмалари билан боғламоқчи

Немис иқтисодиёти вакиллари Украинага молиявий ёрдамни Германия компаниялари учун буюртмалар билан кўпроқ боғлашга чақирди. Уларнинг айтишича, ҳозир ЕИ ёрдами кўпинча учинчи давлатлар фирмаларининг тендерда ютишига олиб келяпти.

Фото: РИА Новости

Немис иқтисодиёти Украинага кўрсатиладиган ёрдам келгусида Германия компаниялари учун буюртмалар билан кўпроқ боғланишини истаяпти. “Германия ва ЕИ Украинага жуда катта маблағлар ажратади, аммо натижада тендерларни кўпинча хитой, ҳинд ва турк фирмалари ютяпти, чунки ҳал қилувчи мезон фақат нарх бўлиб қоляпти”, — деди Немис иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаэл Хармс 14 декабр, якшанба куни эълон қилинган Politico нашрига интервюсида.

“Биз немис иқтисодиёти сифатида ўз маблағларимиз ҳисобидан амалга оширилаётган тиклаш лойиҳаларида кўпроқ иштирок этишни истаймиз”, — дея қўшимча қилди у. Хармснинг таъкидлашича, бошқа давлатлар бу масалада анча прагматик ҳаракат қилади.

Хармс айтган талаб сиёсатчиларга қаратилган бўлиб, 15 декабр куни Берлинда ўтаётган 8-Германия–Украина иқтисодий форуми муносабати билан илгари сурилган. Унинг сўзларига кўра, Украинада тендерлар ўтказиш тартиб-таомиллари янада шаффоф бўлиши зарур.

“Бундан кўп немис компаниялари шикоят қилади”, — деди у. Хармс фикрича, Германия украин томонига “тегишлича таъсир ўтказиш” учун етарлича нуфузга эга.

Хармс Германия билан Украина ўртасидаги иқтисодий алоқаларни муваффақиятли деб атади. Унинг айтишича, 2025 йил октябрига келиб Германиянинг Украинага экспорти “яна 14 фоизга ошган”. Шу билан бирга, ўсиш фақат ҳарбий маҳсулотларда эмас: “Экспорт ўсиши ҳатто фақат фуқаролик товарларини ҳисобга олсак ҳам яққол кўринади”, — дея таъкидлади у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид