Ўзбекистон | 11:59 / 17.12.2025
1813
2 дақиқада ўқилади

Дала четларидан фойдаланган фермерларга солиқ имтиёзлари берилади

Дала четлари ва маҳалла ҳудудларидаги майдонлардан самарали фойдаланиб қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмоқда.

Фото: Kun.uz

Қарор лойиҳасига кўра, дала четлари, каналлар, коллектор-дренаж ва суғориш тармоқлари атрофидаги майдонлар, аҳоли томорқаси, хонадонлар, кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларининг барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат этилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу ўзгартириш солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартибига оид низомга киритилади. Шу орқали дала четлари ва маҳалла ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш фаолияти ҳам солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш мумкин бўлган фаолият турлари қаторига қўшилади.

Шунингдек, маҳсулот етиштирувчиларга маҳалла ва дала четларида саралаш, сақлаш, қуритиш ва қадоқлаш цехлари ҳамда совиткичли омборхоналар харид қилиш учун “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 млн сўмгача бўлган кредитларни соддалашган тизимда ажратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Маълумотларга кўра, 100 млн сўмгача кредитлар 84 ой муддатга, 36 ойгача имтиёзли давр билан, йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади.

Бунда кредитнинг 60 фоизи бўйича гаров сифатида харид қилинадиган цех ёки омборхона қабул қилиниши, қолган 40 фоизи бўйича эса қайтмаслик хатарини суғурта қилишга оид суғурта полиси талаб этилиши белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид