Ўзбекистон | 11:51 / 17.12.2025
1026
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари сифати QR-код орқали баҳоланади

Ҳукумат қарори билан “Давлат хизматларини кўрсатиш сифатини аҳоли томонидан баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Янги тартибга кўра, фуқаролар давлат хизматидан фойдаланганидан сўнг махсус QR-код орқали хизмат сифатига 1 дан 5 гача баҳо қўйиши мумкин.

Ҳужжатда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ва самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонлари белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат:

  • хизмат кўрсатиш сифати;
  • хизматнинг ўз вақтида кўрсатилгани;
  • хизматдан фойдаланиш имконияти.

Низомга кўра, баҳоловчи (фуқаро) давлат хизматидан фойдаланганидан кейин махсус QR-кодни сканер қилиб, белгиланган мезонлар асосида 1–5 орасида баҳо ва фикрларини қолдиради.

Қайд этилишича, 3 ёки ундан паст баҳо, шунингдек салбий фикрлар давлат хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида ваколатли органлар ҳамда Адлия вазирлигига автоматик равишда юборилади. Шундан сўнг, салбий баҳога сабаб бўлган шарт-шароитлар ваколатли органлар томонидан ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Баҳолаш натижалари яхшиланмаса, Адлия вазирлиги масъул ходимларни давлат хизматлари кўрсатишдан четлаштириш масаласини кўриб чиқиш бўйича ваколатли органга тақдимнома киритиши мумкин.

Шунингдек, баҳолаш якунларига кўра давр, ваколатли орган ва ҳудудлар (вилоятлар ҳамда туман/шаҳарлар) кесимида рейтинг шакллантирилиб, ҳар чорак, ярим йил ва йил якунлари бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ЯИДХПда эълон қилиб борилиши белгиланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид