Иқтисодиёт | 15:34 / 17.12.2025
1457
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон–Миср: тўқимачиликда қўшма корхоналар ташкил этилади

Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ва Миср тўқимачилик саноатининг етакчи вакиллари иштирокида ўтган бизнес-форумда қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, корхоналар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: “Дунё” АА

Тадбирнинг асосий мақсади икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, текстиль ва тикув-трикотаж саноатидаги янги имкониятларни муҳокама қилиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва ишбилармонлик алоқаларини янада фаоллаштиришдан иборат бўлди.

Форумда Ўзбекистон ва Мисрнинг Bukhara Textile Cotton, Tashkent Cotton Textile, Lufian Tex, Smart Apparel, T&C Garment, Erak Giyum, Lotus, Sheeba International каби пахта-тўқимачилик кластерлари, ип-калава, мато ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи йирик компаниялари иштирок этди. Улар экспорт-импорт салоҳияти, бозордаги талаб, ишлаб чиқариш стандартлари ҳамда логистика йўналишлари бўйича маълумот алмашдилар.

Шунингдек, форум доирасида B2B учрашувлари ташкил қилиниб, томонларни қизиқтирган йўналишлар белгилаб олинди. Қатор компаниялар ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулотларнинг синов партияларини етказиб бериш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва узоқ муддатли шартномалар тузиш имкониятларини муҳокама қилди. Хомашё етказиб беришнинг барқарор занжирларини шакллантириш, ишлаб чиқариш технологияларини модернизация қилиш ҳамда тажриба алмашишни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида мулоқотни мунтазам давом эттириш, қўшма семинар ва кўргазмалар ташкил этиш, ўзаро ишбилармонлик ташрифларини ривожлантиришга келишиб олинди. Қайд этилишича, Қоҳирадаги тўқимачилик форуми Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги саноат кооперациясини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлади.

Миср Тўқимачилари палатаси раиси Ҳамди Абу ал-Анайн Ўзбекистон тўқимачилик саноати минтақада юқори салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, мамлакатимизда фаолият юритаётган компаниялар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, томонлар Ўзбекистон маҳсулотларини Мисрда биргаликда ишлаб чиқариш ва хорижий бозорларга экспорт қилиш, омборхона ва шоу-румлар ташкил этиш, савдо алоқаларини ривожлантириш бўйича дастлабки келишувларга эришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид