Жаҳон | 15:49
786
4 дақиқада ўқилади

Европа суди Навалний ва ФБКга нисбатан таъқибни сиёсий деб топди

Навалнийнинг ҳамкорлари унинг вафотидан қарийб икки йил ўтиб Европа судидаги энг йирик ишда ғалаба қозонди. Страсбургдаги суд 139 нафар аризачи даъвоси бўйича Россияни Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қатор моддаларини бузганликда айблади.

Фото: Reuters

Кремл танқидчиси Алексей Навалний колонияда ҳалок бўлганидан 22 ой ўтиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Россия ҳокимияти томонидан унга нисбатан олиб борилган таъқибни ноқонуний ва сиёсий сабаблар билан асосланган, деб топди. Страсбургдаги судялар сешанба, 16 декабр куни бир овоздан Россияни Навалнийга, у асос солган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК)га ва уларнинг тарафдорларига қарши кенг кўламли репрессияларда айбдор, деб топди.

Европа суди қарорда қайд этишича, Россия ҳокимияти томонидан амалга оширилган мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар тўғрисидаги Европа конвенциясининг қатор моддаларини бузган. Хусусан, қарорда шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи, фикр билдириш эркинлиги ва йиғилишлар эркинлиги каби ҳуқуқлар бузилгани кўрсатилган. Бундан ташқари, суд конвенциянинг сиёсий таъқибни тақиқловчи 18-моддаси бузилганини ҳам тан олди.

Қарор 139 нафар аризачи — жисмоний ва юридик шахслар — берган шикоятга тааллуқли. Даъвогарлар орасида мухолифатчи сиёсатчининг беваси Юлия Навалная ҳам бўлиб, у Навалний номидан суд жараёнини давом эттирган.

Суд сайтида эълон қилинган қарорда айтилишича, 2019 йилдан бошлаб аризачилар Россия ҳокимияти томонидан маъмурий ва молиявий таъқиблар нишонга айланган. Бу чоралар оммавий равишда уй-жойлар ва офисларни тинтув қилиш, мол-мулкни мусодара этиш, банк ҳисобларини музлатиш ва юқори лавозимли Россия мансабдорларининг кўплаб коррупция ҳолатларини фош қилган Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК)ни “чет эл агенти” деб эълон қилишни ўз ичига олган, деб қайд этди суд.

Европа суди Россия ҳокимияти ҳаракатларини Навалний атрофидаги уюшган демократик мухолифатни йўқ қилишга қаратилган, “мисли кўрилмаган кўламдаги мақсадли саъй-ҳаракатлар”нинг бир қисми, деб атади. Страсбург судялари фикрича, ҳокимиятнинг пул ювишга қарши кураш ёки экстремизмга қарши кураш каби расмий позицияси асоссиз бўлган ва мустақил сиёсий ҳамда фуқаролик тузилмаларини йўқ қилиш учун баҳона сифатида хизмат қилган.

Қарорга кўра, Европа суди даъвогарларга, асосан номоддий (маънавий) зарар учун, 5000 евродан 30 000 еврогача миқдорда компенсация тайинлади. Бироқ аризачилар бу пулни амалда олиши эҳтимоли паст, чунки Россия Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорларини тан олмайди ва Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Европа Кенгаши таркибидан чиқиб кетган.

Европа суди қарорини шарҳлар экан, Навалнийнинг ҳамкорлари Россия президенти Владимир Путинни “судда енггани”ни билдирди. “Европа суди бизнинг позициямизни тўлиқ қўллаб-қувватлади ва 2019 йилдан бери Россия қонуний сиёсий мухолифатга нисбатан тинтувлар, ҳисобларни музлатиш, сайловларда қатнашишни тақиқлаш, ‘чет эл агентлари’ ва ‘экстремистлар’ мақомларини бериш орқали сиёсий таъқиб олиб боргани ҳақида қарор чиқарди”, — деб ёзди улар ижтимоий тармоқларда.

Фаолларнинг айтишича, бу — Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (ФБК) Европа судида ютиб олган энг йирик иш. Алексей Навалний 2024 йил 16 феврал куни Қутб доираси ортидаги колонияда вафот этган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид