Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Орёл, Липецк, Воронеж ва Ростовга дронлар билан ҳужум қилди
Украина дронлари ҳужуми оқибатида Орёл шаҳрида ИЭС шикастланди, шаҳарда электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Белгородда эса беш ойлик чақалоқ жабрланди.
Фото: AP
Украина 19 декабр, жума кунига ўтар кечаси Россиянинг қатор ҳудудларига дронлар орқали оммавий зарбалар берди. Натижада инфратузилма вайрон бўлган, жабрланганлар бор. Орёл шаҳрида зарба маҳаллий иссиқлик электр станциясига тўғри келган, шаҳарда электр таъминотида узилишлар бошланган. Маҳаллий аҳоли сув таъминоти ва иссиқлик (иситиш)да ҳам узилишлар борлигидан шикоят қилмоқда.
Орёл вилояти губернатори Андрей Кличков маълум қилишича, Орёл шаҳрида коммунал инфратузилманинг айрим объектлари шикастланган, Совет туманида иситиш, электр таъминоти ва иссиқ сув узилиши мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ.
Ҳудудда тун давомида икки марта ракета хавфи эълон қилинган.
Ўтган кечаси Воронеж, Липецк, Белгород ва Ростов вилоятида ҳам портлашлар эшитилган. Белгородда украин дрони ҳужуми оқибатида беш ойлик чақалоқ жабрланган, деб хабар қилди губернатор Вячеслав Гладков. Липецкда эса уриб туширилган дрон парчалари турар жой уйига тушган.
Таганрогда бешта хусусий уй шикастланган, учта автомобил ёниб кетган. Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар маълум қилишича, зарбалар Ростов шаҳри, Куйбишевский, Матвеево-Курганский ва Родионово-Несветайский туманларига ҳам берилган. Ростовда юқори кучланишли линия узилиши сабабли айрим туманларда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келган.
Дронлар зарбалари таҳдиди фонида 10 та аэропортда самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш вақтинча тўхтатилган. Хабар тайёрланган пайтда чекловлар Владикавказ, Грозний, Магас, Самара ва Ярославл аэропортларида ҳамон амал қиляпти.