Жаҳон | 15:51
1342
5 дақиқада ўқилади

Зеленский: ЕИ ва АҚШ босими бўлмаса, Путин мулоқотга бормайди

Украина президенти Зеленский Европа етакчиларини сиёсий иродани намоён этишга ва Украинага кўмак учун РФнинг музлатилган активларидан фойдаланиш ҳақида қарор қабул қилишга чақирди. Унинг айтишича, Кремл дипломатияни истамайди.

Фото: Reuters

Украина президенти Володимир Зеленский урушни якунлаш бўйича музокараларга Кремлни мажбур қилиш учун Москвага ЕИ ва АҚШ томонидан сезиларли босим зарур, деб ҳисоблайди. У 18 декабр, пайшанба куни Брюсселдаги ЕИ саммитига йўл олганида журналистлар билан суҳбатда шундай деди: агар Европа Иттифоқи Украинага кейинги молиялаштириш масаласида келиша олмаса, бу Киев учун янада ожиз позицияни ва дипломатик йўл билан ҳал этишга таҳдидни англатади.

Зеленскийнинг ишонч билдиришича, агар ушбу саммитда Украинага ёрдам учун музлатилган Россия маблағларидан фойдаланиш бўйича қарор қабул қилинмаса, Россия президенти Владимир Путин музокаралар столига ўтирмайди. “Ва бу мутлақо тушунарли: у аниқ дипломатик йўлни истамайди. Ҳеч қандай дипломатияни, ҳеч қандай мулоқотни аниқ истамайди”, — дея “Европейская правда” унинг сўзларини келтиради.

Зеленский таъкидлашича, Украина заифроқ позицияда — чунки урушни давом эттириш учун маблағ етишмаяпти. “Путинда бизни эгаллаш истаги кучайяпти, чунки биз шундай аҳволдамизки, ҳаёт учун ҳам, қурол учун ҳам пул етишмайди. У биз янада кучсиз ва ҳимоясиз бўлишимизни тушунади”, — деди у.

Украина президентининг сўзларига кўра, мамлакати урушни дипломатик йўл билан якунлаш учун бор кучини сарфлаяпти, аммо мудофаа эҳтиёжлари учун ҳам маблағ керак. “Агар бу — уруш бўлса, бизга бу пуллар керак. Армиямиз ва мудофаа ишлаб чиқаришимизни қўллаб-қувватлаш учун шундай қарор керак. Албатта, европаликлар томонидан ҳам, АҚШдан ҳаво мудофааси учун ракеталар ҳам”, — деб тушунтирди у.

Зеленский музлатилган Россия активларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиниши европаликларнинг сиёсий иродасига боғлиқ, деб ишонишини билдирди. “Мен барча етакчилар билан гаплашаман, далилларимизни келтираман ва ижобий қарор олишимизга жуда умид қиламан. Бусиз Украина учун катта муаммо бўлади”, — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Зеленский фикрича, агар Россияга қарши санкциялар ҳақиқатан амал қилса ва АҚШ Кремлга босим ўтказса, Москва урушни одатдаги ҳажмда молиялаштира олмаслиги эҳтимол. “Путин бераётган сигналлар биз учун мутлақо янги эмас. Мен доимо у урушни тугатишни истамайди, деб айтганман. Савол — у уни давом эттира оладими? Бу эса ҳамкорларимизга, уларнинг босимига боғлиқ”, — деди у журналистларга.

Зеленский, бир вақтнинг ўзида, 19–20 декабр кунлари Флоридада Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида янги музокаралар бўлишини тасдиқлади. Уларнинг мавзулари АҚШ таклиф қилаётган тинчлик режаси, хавфсизлик кафолатлари ва Россия тажовузига қарши мудофааланaётган Украинани тиклаш масалалари бўлади. Унинг айтишича, Украина делегацияси аллақачон йўлга чиққан.

Володимир Зеленский ЕИ саммитида иштирок этиши айтилганди. Саммитнинг асосий масаласи — Еврокомиссия таклиф қилган, Украинага кредит беришнинг мураккаб схемаси. У Украина учун “репарацион кредит”да музлатилган Россия активларидан фойдаланишни, шунингдек ЕИ давлатларининг миллий кафолатларини назарда тутади. Россияга пулларни қайтариш фақат уруш тугагач, Россия Украинага репарациялар тўлаган тақдирдагина мумкин бўлади.

ЕИ Кенгаши 12 декабр куни музлатилган активлардан маблағларни РФга қайта ўтказишни вақтинча тақиқлади. Тақиқ ЕИда Россия ҳаракатлари натижасида уруш контекстида “иқтисодий вазият янада жиддий ёмонлашиб кетиши хавфи сақланиб турган” барча вақт мобайнида кучда қолади. Худди ўша куни РФ Марказий банки Москва судига Euroclear’га қарши даъво аризаси киритган.

Аввалроқ Германия ва ЕИнинг бошқа давлатлари кўпчилик овоз билан Россиянинг ЕИда музлатилган маблағларини қайтаришга нисбатан муддатсиз тақиқ жорий этишга қарор қилган эди. Бу қадам ЕИ давлатларига активларни музлатиш масаласини ҳар олти ойда, аввалгидек, қайта овозга қўймаслик имконини беради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид