Жаҳон | 14:29
1932
4 дақиқада ўқилади

Россия Европанинг 11 мамлакати билан ҳарбий шартномаларни бекор қилмоқда

Россия ҳукумати Мудофаа вазирлигига ЕИга аъзо қатор давлатлар ва Буюк Британия билан ҳарбий ҳамкорликни тартибга солиб келган бир қатор келишувларни бекор қилишга рухсат берди.

Фото: Getty images

Россия Мудофаа вазирлиги РФ ҳукуматидан 1992–2002 йиллар оралиғида Россия бир қатор Европа давлатлари билан тузган ҳарбий ҳамкорлик бўйича 10 та келишув ва шунга оид 1 та меморандумни бекор қилишга маъқуллаш олди. Бу ҳақдаги фармойиш 19 декабр, жума куни Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

РФ Мудофаа вазирлиги бекор қилиши мумкин бўлган шартномалар рўйхатида Германия, Полша, Руминия, Дания, Норвегия, Нидерландия, Хорватия, Белгия ва Чехия каби давлатлар билан “ҳарбий соҳада ҳамкорлик” тўғрисидаги келишувлар, шунингдек РФ, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия мудофаа вазирликлари ўртасида тузилган меморандум ҳам бор.

ОАВ қайд этишича, бекор қилинаётган ушбу келишувлар Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин имзоланган томонлар ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ўзаро ҳамкорликни тартибга солиб келган ҳуқуқий база таркибига кирган.

2025 йил июл ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги 1996 йилда Россия ва Германия ўртасида тузилган ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув амал қилишдан тўхтатилганини билдирган эди. Идора Москва бундай қадамни келишув “мазмун ва амалий аҳамиятини йўқотгани” ҳамда “Россия–Германия давлатлараро муносабатларининг ҳозирги ҳолатига мутлақо мос келмаслиги” билан изоҳлаган.

Бу вазиятда Россия ТИВ айбни ГФР зиммасига юклаб, расмий баёнотининг бир қисмини немис томонига нисбатан ҳақоратомуз ибораларга бағишлаган. Россия дипломатлари фикрича, ГФР ҳукумати “Германия аҳолисини атайлаб мафкуравий жиҳатдан Россияга қарши руҳда қайта ишлаяпти”, “тобора тажовузкор милитаристик интилишлар”га эргашяпти, Берлин эса гўё “ўта катта ташқи сиёсий даъволардан ўзини тута олмаяпти”.

Германияда Москва баёнотлари изоҳланмади.

Украинага қарши кенг кўламли ҳужум бошланганидан ва Ғарб давлатлари билан муносабатлардаги кескинлик кучайганидан бери РФ хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига тааллуқли ўнлаб халқаро келишувлардан чиққан.

Шулардан энг сўнггиларидан бири — РФ ва АҚШ ўртасида плутонийни утилизация қилиш тўғрисидаги келишув бўлган: у, жумладан, ушбу элементдан ядровий қурол яратиш мақсадида фойдаланишни тақиқлар эди. Бироқ амалда РФ бу ҳужжатнинг амал қилишини 2016 йилдаёқ тўхтатиб қўйган, бунга Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар “кескин ёмонлашгани”ни сабаб қилган. Келишувни қайта тиклаш шарти сифатида Кремл Украинага қарши агрессия фонида РФга жорий этилган санкцияларни бекор қилишни талаб қилган.

Россия ҳокимияти, шунингдек, АҚШдан 2010 йилда тузилган Стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномаси билан тартибга солинган стратегик ҳужум қуролларини яратмаслик борасида мажбуриятлар олишга интилаётгани айтилмоқда. Акс ҳолда, Москва келишувни расман денонсация қилиш билан таҳдид қилмоқда.

Шунингдек, 2025 йил апрел ойида РФ ҳукумати Норвегия, Швеция ва Финландия билан Баренц денгизи ва Евроарктика минтақаcида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни денонсация қилган эди. Россия шерикликнинг тугатилиши учун масъулиятни Ғарб давлатлари зиммасига юклайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид