Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда реал даромадлар ўсиши кескин секинлашди
Россия ҳукумати 2026 йил учун мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши бўйича расмий прогнозни сезиларли даражада пасайтирди. Энди иқтисодиёт ўсиши 1,3 фоиз эмас, балки атиги 0,4 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак “Ведомости” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, 2027 йилда ЯИМ ўсиши 1,4 фоизни, 2029 йилга келиб эса 2,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
“Интерфакс” агентлиги эслатишича, Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг 2025 йил сентябрда эълон қилинган аввалги прогнозига кўра, 2026 йилда ЯИМ 1,3 фоизга, 2027 йилда 2,8 фоизга ва 2028 йилда 2,5 фоизга ўсиши кутилган эди.
Шу билан бирга, Россия ҳукумати 2026 йилда инвестицион фаоллик пасайиши давом этишини ҳам кутмоқда. Новакнинг фикрича, иқтисодий фаолликнинг қайта тикланиши фақат 2027 йилдан бошланиши мумкин.
Унинг таъкидлашича, иқтисодиёт ўсиши секинлашаётганига қарамасдан, Россияда ишсизлик даражаси пастлигича — 2,3–2,4 фоиз атрофида сақланиб қолади. Бу эса демографик омиллар туфайли меҳнат ресурслари чеклангани билан изоҳланган.
Новакнинг прогнозларига кўра, инфляция 2026 йилда 5,2 фоизга яқинлашади ва 2027 йилдан бошлаб 4 фоизлик мақсадли даража атрофида бўлади. Унинг эслатишича, 2024 йилда Россияда инфляция 9,5 фоизни ташкил этган.
Россия ҳукумати учун асосий вазифалардан бири бюджет мувозанатини сақлаб қолиш бўлиб қолмоқда. Новак буни давлат даромадлари қисқараётгани ва харажатларга эҳтиёж, жумладан мудофаа ҳамда хавфсизлик соҳалари харажатлари ошиб бораётгани билан боғлаган.
Росстат маълумотларига кўра, россияликлар даромадлари ўсиши 2025 йилнинг иккинчи ярмидан буён изчил секинлашмоқда.
2025 йилнинг иккинчи чорагида аҳолининг реал даромадлари 10,1 фоизга ўсган бўлса, учинчи чоракда бу кўрсаткич 7,7 фоизга, тўртинчи чоракда эса 5,8 фоизга тушган.
2026 йилнинг биринчи чорагида эса даромадлар ўсиши атиги 1,5 фоизни ташкил этган.
Россия ҳукумати йил якунига қадар аҳоли даромадлари 2,1 фоизга ўсишини кутмоқда, бироқ бу ҳам нисбатан паст суръат ҳисобланади.
Нашрнинг ёзишича, мамлакатда истеъмол кайфияти индекси ҳам пасайиб бормоқда. 2026 йил февраль ойида мазкур индекс 2022 йил декабридан бери илк бор 100 пунктдан пастга тушган.
Бу россияликлар шахсий молиявий аҳволи ва мамлакат иқтисодиёти бўйича салбий баҳолар ижобий фикрлардан устун кела бошлаганини англатади.
Кузатувларга кўра, мавжуд вазиятда россияликлар харажатларни қисқартириб, ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳам тежай бошлаган.