Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
The Economist: Украина урушда ташаббусни Россиядан тортиб олди
Украина сўнгги уч йил ичида илк бор урушда ташаббусни Россиядан тортиб олганга ўхшамоқда. Бу ҳақда The Economist журнали 10 май куни эълон қилган таҳлилий мақоласида маълум қилди.
Нашр таъкидлашича, қиш давомида Россия дрон ва ракета ҳужумлари орқали Украина шаҳарлари ҳамда энергетика тизимига деярли ҳар кеча зарба бериб келган бўлса, ҳозир вазият ўзгармоқда.
“Украина ҳозир деярли ҳар бир ҳаракати орқали Россияга тобора каттароқ зарар етказмоқда”, — деб ёзади журнал.
Мақолада қайд этилишича, Россиянинг кутилган баҳорги ҳужуми самарасиз чиққан. 2026 йил апрель ойида Россия Қуролли кучлари 2024 йил августидан буён илк бор эгаллаганидан кўра кўпроқ ҳудудни йўқотган.
The Economist’нинг АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) хариталари асосида келтирган маълумотларига кўра, сўнгги 30 кун ичида Россия 133 квадрат километр ҳудуд устидан назоратни йўқотган.
Шу билан бирга, Украина томонидан Россия ҳудуди ичига амалга оширилаётган узоқ масофали зарбаларнинг кўлами, масофаси ва интенсивлиги ортиб бораётгани таъкидланган.
Нашр маълумотларига кўра, март ойида Украина илк бор узоқ масофали дрон ҳужумлари сони бўйича Россиядан ўзиб кетган.
Украина дронлари мамлакат чегарасидан қарийб 2000 километр узоқликдаги иқтисодий ва ҳарбий объектларга мунтазам зарба бермоқда. Бу эса Россия аҳолисининг тахминан 70 фоизи украин дронлари етиб бора оладиган ҳудудда яшашини англатади.
The Economist ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага қарши кенг кўламли босқин бошлаганидан буён 1,4 миллион нафар ҳарбий хизматчисини ҳалок бўлган ёки оғир яраланган ҳолда йўқотган. Ҳозирда Россия армиясининг ойлик йўқотишлари 35 минг нафарни ташкил этмоқда.
Лондондаги Қироллик коллежи ҳарбий тадқиқотлар факультетининг фахрий профессори Лоуренс Фридман фикрича, яқин ойлар уруш тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Унинг айтишича, Россия Украина дрон технологиялари соҳасидаги ютуқларига қарши қандай чора кўриши ва ёзги ҳужум учун катта куч тўплаётган-тўпламаётгани маълум бўлади.
11 май куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғинидан сўнг Украина ҳозир бир йил олдингидан анча кучли позицияда эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Россия президенти Владимир Путин эса “ҳар қачонгидан ҳам заифроқ позицияда” қолмоқда.