Жаҳон | 13:00
517
2 дақиқада ўқилади

2025 йилда Германия осмонида 1000 та шубҳали дрон қайд этилди

Жорий йилда Германияда 1000 тадан ортиқ шубҳали дрон кузатилган. BKA раҳбари фикрича, улар аҳоли орасида ишончсизлик уйғотиш ва маълумот тўплашни кўзламоқда.

Фото: Sorge/Caro

Германиянинг Федерал жиноят ишлари идораси (Bundeskriminalamt, BKA) жорий йил бошидан буён мамлакатда шубҳали дронларнинг 1000 тадан ортиқ парвозини қайд этган. Бу ҳақда BKA раҳбари Холгер Мюнх 21 декабр, якшанба куни эълон қилинган Bild таблоидига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўпинча гап ҳарбий объектлар, аэропортлар ёки муҳим инфратузилма объектлари — масалан, мудофаа корхоналари ёки портлар устида учиб ўтаётган дронлар ҳақида бормоқда.

Шубҳали дронлар ҳақидаги айрим хабарлар хатолик бўлиб чиқади. Шунингдек, ҳар бир дрон Россия билан боғлиқ эмас, дея қайд этди Мюнх. Жорий йилда BKA дрон учирган учувчилар сони қарийб 100 нафарга яқинлашган ҳолатларни қайд этган, бироқ уларнинг айримлари яширинган. Айрим ҳолатларда Германия полицияси дронларни ҳаваскорлар эмас, балки профессионаллар бошқарганига ишончи комил бўлган.

Бундай дрон парвозлари ортида турганлар нимага эришмоқчи? Мюнхнинг фикрича, улар аҳоли орасида ишончсизлик ҳиссини уйғотишни истайди. “Агар операция давлат иштироки билан ўтаётгани очиқ-ойдин бўлса, ундан кейин (кўрилган дронлар ҳақида — таҳр.) жуда кўп хабарлар келиб тушади, бу эса аҳолида ишончсизлик ҳиссининг ошишига олиб келади”, — деб тушунтирди у.

BKA раҳбари айтишича, дрон учираётганларнинг яна бир вазифаси — маълумот тўплаш бўлиши мумкин. “Бунинг учун сунъий йўлдошлардан ҳам фойдаланиш мумкин, аммо улар ҳам ҳамма нарсани қила олмайди. Чунки Германияда дронлар кўпинча украин ҳарбийлари тайёргарликдан ўтаётган ҳарбий объектлар устида учади. Улар билан смартфонлар бўлиши мумкин. Дрон шу жойда қайси смартфонлар борлигини қайд этади ва кейин эҳтимол, уларни Украина фронтида аниқлаши мумкин”, — дейди Мюнх.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид