Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина разведкаси Липецкда икки қирувчи ёқиб юборилганини маълум қилди
Украина разведка бошқармаси Су-27 самолётлари диверсант орқали йўқ қилингани ва уларнинг умумий қиймати 100 миллион долларга боришини маълум қилган.
Фото: Видеодан кадр
Украиналик диверсант Липецк шаҳри яқинидаги ҳарбий аэродромда Россиянинг иккита қирувчи самолётига ўт қўйган. Бу ҳақда Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка хизмати хабар бермоқда.
Идора диверсант томонидан олингани айтилган видеороликни тақдим этган. Видеода у учиш майдончасига кириши, шундан кейин самолётларга ўт қўйиши акс этган – у самолётлардан бирининг кабинасига ҳам кириб кўрган. Видео қоронғида олинган, шу туфайли съёмка қаерда бўлганини аниқлаб бўлмайди.
Разведка бошқармаси таъкидлашича, ушбу амалиёт икки ҳафта давомида режалаштирилган. Диверсант аэродром ҳудудини тарк этишга муваффақ бўлган. Самолётлар сафдан чиқарилган – булар умумий қиймати 100 миллион долларгача етадиган Су-27 қирувчиларидир.
Россия мудофаа вазирлиги ҳодиса юзасидан расман изоҳ бермади ва самолётлар йўқ қилинганини тасдиқламади, бироқ баъзи йирик Z-каналлар бу ҳақда ёзди ва қўпорувчилик осонлик билан амалга оширилганига алоҳида эътибор қаратди.
«Украина Бош разведка бошқармаси яна бир бор маҳаллий авиабазалар периметрининг қўриқланиш даражасини намойиш этмоқда», – дея таъкидлади «Военный осведомител» (622 минг обуначиси бор). Zаписки Vетерана канали (309 минг обуначи) ёзишича, аэродромларни қўриқлаш бўлинмалари аввалроқ Ҳаво-космик кучларининг пиёда полкига айлантирилган ва энди «Вовчанскни штурм қилиш вазифаларини бажармоқда».