Жаҳон | 10:36
1906
4 дақиқада ўқилади

Ушаков: Украина, ЕИ ва АҚШ таклифларининг кўпчилиги тўғри келмайди

РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков АҚШ, Украина ва Европа иштирокида Флоридада бўлиб ўтган сўнгги тинчлик музокараларида ишлаб чиқилган таклифларнинг аксарияти Москвага “қатъий равишда тўғри келмаслигини” айтди.

Фото: ТАСС/POOL/Кристина Кормилицына

РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Украинадаги вазиятни тинчлик йўли билан тартибга солиш масаласи бўйича Майамида Америка, Европа ва Украина томонлари ўртасида ўтган музокаралар якунларини шарҳлар экан, 21 декабр, якшанба куни ўтказилган суҳбатларда шакллантирилган таклифларнинг кўпчилиги Москвага “қатъий равишда тўғри келмаслиги” мумкин, деган фикрни билдирди.

Шу билан бирга, у Кремл позицияси РФ президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев 22 декабр куни Россияга қайтиб, музокаралар натижалари ҳақида мамлакат президенти Владимир Путинга ҳисобот берганидан кейин ишлаб чиқилишини аниқлаштирди.

“Жаноб Дмитриев ҳозир Майамида хизмат сафарида. У америкаликлар европаликлар ва украиналиклардан қандайдир сигналларни олиб келади. Биз бунинг ҳаммасини шу ерда муҳокама қиламиз, нимани қабул қилиш мумкин, нимани мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини кўриб чиқамиз”, — деди Ушаков “Россия 1” телеканали (ВГТРК)нинг “Москва. Кремль. Путин” дастури бошловчиси Павел Зарубинга берган интервюсида. “Менимча, таклифларнинг кўпчилиги бизга мутлақо тўғри келмайди, чунки биз Анкорижда ва америкалик вакиллар билан бошқа учрашувларда келишиб олган нарсаларимизга амал қиламиз”, — деб қўшимча қилди у.

Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Дмитриев АҚШдаги алоқалари ҳақида аллақачон “нимадир хабар қилиб турибди”.

Шу орада Майамидаги украин делегациясига раҳбарлик қилган Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров АҚШ–Украина форматидаги учрашувни “конструктив” деб атади. Унинг айтишича, ушбу учрашувда асосий эътибор тўртта муҳим ҳужжатга қаратилган: Украина бўйича АҚШнинг 20 банддан иборат тинчлик режасини янада ишлаб чиқишни давом эттириш, хавфсизлик кафолатлари бўйича кўп томонлама ҳадли келишув юзасидан позицияларни мувофиқлаштириш, АҚШ томонидан хавфсизлик кафолатлари ҳақида икки томонлама келишув бўйича позицияларни мувофиқлаштириш, шунингдек, иқтисодий ривожланиш режаси.

Рустем Умеровдан ташқари, украин делегацияси таркибига Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи, генерал-лейтенант Андрей Гнатов ҳам кирган. АҚШ томонидан музокараларда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, АҚШ давлат раҳбари Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер, шунингдек Оқ уй ходими Жош Грюнбаум иштирок этган. Муҳокамаларга Украина, АҚШ ва Европанинг умумий стратегик ёндашувини мувофиқлаштириш мақсадида миллий хавфсизлик бўйича асосий европалик маслаҳатчилар ҳам қўшилган.

Стив Уиткоффнинг сўзларига кўра, Кирилл Дмитриев “охирги икки кун давомида Флоридада Америка делегацияси билан президент Доналд Трампнинг Украина бўйича тинчлик режасини илгари суриш мақсадида самарали ва конструктив учрашувлар ўтказган”. “Россия Украинада тинчликка эришишга тўлиқ содиқ қолмоқда. Россия Украина низосини ҳал қилиш ва глобал хавфсизликни тиклаш ишида АҚШнинг саъй-ҳаракатлари ва қўллаб-қувватлашини юксак қадрлайди”, — деб ёзди Уиткофф 22 декабрга ўтар кечаси X’даги микроблогида.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид