Жамият | 17:38
864
3 дақиқада ўқилади

«Замин» фонди кўмагида «Она Ер нидоси» ҳужжатли фильми суратга олинди

Фильм премьераси Тошкентдаги олийгоҳларда бўлиб ўтди. «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева талабалар билан учрашиб, фильмда тилга олинган тупроқ деградацияси муаммоларини муҳокама қилди, экологик жараёнлар минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун қанчалик хавфли эканини таъкидлади.

Фото: Zamin Foundation

Ерларнинг таназзулга учраши инсониятнинг энг жиддий экологик муаммоларидан бири бўлиб, ундан ер юзидаги қуруқликнинг 40 фоизи ва 3,2 миллиард киши азият чекмоқда. Бу ҳақда «Замин» фонди кўмагида «Она Ер нидоси» ҳужжатли фильми суратга олинди, уни фонднинг YouTube каналида томоша қилиш мумкин.

Қайд қилинишича, Марказий Осиёда умумий ер майдонининг қарийб 37 фоизи деградацияга учраган бўлиб, бу озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурслари ва иқлим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 26 фоизга етган: шўрланиш даражаси ортмоқда, тупроқдаги гумус миқдори ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги камаймоқда.

«Она Ер нидоси» ҳужжатли фильми 4 декабр куни Бутунжаҳон тупроқ кунига бағишланган халқаро тадбирлар доирасида Италиядаги FAO бош қароргоҳида илк бор жамоатчиликка намойиш этилди.

Ўзбекистонда ушбу фильмнинг премьераси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети ҳамда Давлат аграр университетида бўлиб ўтди. Бу фильм камдан-кам ҳолларда кадрда кўринадиган, аммо ҳар куни ер билан ишлайдиган одамлар — фермерлар, агрономлар, олимлар ҳақида.

«Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева талабалар билан самимий суҳбатда тупроқ деградацияси муаммоларини муҳокама қилди, бўлажак мутахассисларнинг ғоя ва таклифларини диққат билан тинглаб, экологик жараёнлар минтақанинг озиқ-овқат хавфсизлиги учун қанчалик хавфли эканини таъкидлади.

Зироат Мирзиёева эко-мактаб ўқувчилари ва талабалар билан биргаликда тупроқнинг қадр-қиммати, уни деҳқонларнинг кўп асрлик тажрибаси, барқарор амалиётлар ва илғор технологияларни уйғунлаштириш орқали асраб-авайлаш бўйича фермер ва олимларнинг саъй-ҳаракатлари ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилди.

Тадбирда, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар, FAO, БМТ, БМТТД, Германия халқаро ҳамкорлик агентлиги (GIZ), Франция тараққиёт агентлиги (AFD), Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA), KfW тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид