Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат фуқаролик хизматчилари йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтади
Давлат фуқаролик хизматчиларини профилактик тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжатга кўра, давлат фуқаролик хизматчилари йилда камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган ҳамда тартиб 2026 йил 1 январдан кучга кириши кўзда тутилган.
Низом лойиҳасида қайд этилишича, тиббий кўрик давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотларида хизмат қилаётган ходимларни қамраб олади. Бироқ тиббий кўрикдан ўтказишнинг бошқача тартиби белгиланган айрим тоифадаги ходимларга нисбатан мазкур қоидалар қўлланмайди. Шунингдек, идоравий тиббиёт муассасаси орқали тиббий хизмат кўрсатиладиган давлат органлари ходимлари учун ҳам ушбу низом татбиқ этилмаслиги назарда тутилган.
Низомга кўра, ходимлар ўзлари бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида профилактик ва скрининг дастурлари асосида тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик оилавий шифокорлар ва тор соҳа мутахассислари томонидан амалга оширилади.
Тиббий кўрик кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмлари доирасида бепул ўтказилади. Кафолатланган пакетга кирмайдиган хизматлар эса белгиланган тартибда пулли асосда кўрсатилиши мумкин.
Ташкилий жиҳатдан, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда ҳар календарь йилнинг 1 феврал кунига қадар тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимлар рўйхатини шакллантириб, тиббиёт бирлашмаларига тақдим этади. Тиббиёт бирлашмалари эса ҳар йил 10 феврал кунига қадар календар режани тасдиқлаб, тиббий кўрикни одатда календар йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ташкил этади.
Кўрик иш вақти давомида ўтказилиб, бу вақтда ходимнинг иш жойи (лавозими) ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланиши белгиланган. Натижалар “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимида электрон тиббий картага киритилиб, хулоса hrm.argos.uz платформасидаги ходимнинг шахсий йиғма жилдига автоматик юборилади.
Низомда тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилиши учун тиббиёт муассасаси раҳбарининг, ходимларнинг ўз вақтида кўрикдан ўтишини таъминлаш ва кўрикдан ўтмаган ходимларни ишга қўйиш оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар учун эса иш берувчининг жавобгарлиги белгилаб қўйилган.
Мавзуга оид
15:39 / 12.03.2026
Педагоглар учун ҳар йиллик мажбурий тиббий кўрик жорий этилиши мумкин
14:35 / 20.02.2026
Бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари нархини баҳолаш тартиби белгиланмоқда
23:26 / 10.02.2026
Россияда тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган мигрантлар учун жарима 12,5 баравар оширилади
10:16 / 09.09.2025