Ўзбекистон | 14:35
439
2 дақиқада ўқилади

Бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари нархини баҳолаш тартиби белгиланмоқда

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий назорат қилиш инспекциялари томонидан ўтказиладиган бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш ҳамда лаборатория синов ишлари нархларини баҳолаш тартибини белгилашга қаратилган низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжатга кўра, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини ўрганиш ва лаборатория синов ишлари қийматини ҳисоблашнинг ягона механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ушбу ишлар буюртмачи билан тузилган шартнома асосида ва қонунчиликда белгиланган ҳолларда амалга оширилади.

Лойиҳага мувофиқ, техник ҳолатни ўрганиш ишлари визуал ва инструментал кўрик орқали олиб борилади. Бунда бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатларига мослиги, конструктив ечимлари, ўлчамлари, юк кўтарувчи элементлари, антисейсмик чоралари, шикастланиш ва деформация ҳолатлари аниқланади. Шунингдек, ўлчов ишлари ўтказилиб, олинган намуналар лабораторияда синовдан ўтказилади ҳамда натижалар асосида объектнинг техник ҳолати баҳоланади.

Техник кўрик ишлари қиймати бино ёки иншоот ҳажми, ишларни бажаришга сарфланадиган вақт, тегишли коэффициентлар ва бир соатлик иш қиймати асосида ҳисобланади. Лаборатория синовлари нархи эса иш тури, синов ўтказишга кетадиган ўртача вақт ва лаборатория ишларининг соатлик қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Шунингдек, ҳудудий назорат қилиш инспекциялари мазкур ишлар бўйича нархлар калькуляциясини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши белгиланмоқда.

Низом талаблари бузилган тақдирда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлиши назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид