Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистондаги биринчи АЭС лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилди
Фориш тумани Боғдон аҳоли пунктида Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш (АМТБ) материаллари юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
2025 йил 23 декабр куни Жиззах вилояти Фориш тумани Боғдон аҳоли пунктидаги 30-сонли маданият марказида Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳасининг АМТБ материаллари бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Тадбирда Фориш ва қўшни туманлар аҳолиси, 30 дан ортиқ ташкилот вакиллари, маҳаллий ҳокимият органлари, илмий ҳамжамият, экологик ташкилотлар, журналистлар, ядро энергетикаси мутахассислари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этди. Жами иштирокчилар сони 295 нафарни ташкил этган.
Эшитувлар Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг қутлов сўзи билан очилиб, унда АЭС лойиҳаси минтақа ва мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун стратегик аҳамият касб этиши таъкидланди.

«Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев атом энергетикаси энергетика мустақиллиги, кам углеродли иқтисодиётга ўтиш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш учун муҳим омил бўлишини қайд этди. Иштирокчиларга лойиҳанинг техник ечимлари ҳам тақдим этилди: битта майдонда иккита катта қувватли ВВЭР-1000 энергия блоки ва умумий ўрнатилган қуввати тахминан 2100 МВт бўлган иккита кичик қувватли РИТМ-200Н энергия блокини жойлаштириш режалаштирилган. Бу конфигурация йилига тахминан 15 млрд кВт/соат “тоза” электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бериши айтилди.
Муҳокамаларда хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар замонавий пассив ҳимоя тизимлари, “чуқур эшелонланган ҳимоя” тамойиллари, шунингдек, станция тўлиқ ўчирилган тақдирда ҳам хавфсизликни таъминлаш чораларини тушунтириб берди. Иштирокчилар ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан ишлаш тартиби, шунингдек, Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг бу йўналишдаги тажрибаси ҳақида маълумот олди.

Шунингдек, тиббий ва санитария-гигиена таъминоти масалалари ҳам кўтарилиб, радиацион вазиятни назорат қилиш тизими, ходимлар ва аҳолини тиббий кузатиш ҳамда саломатликни ҳимоя қилиш чоралари юзасидан ахборот берилди.
Маърузалардан сўнг очиқ мунозара бўлиб ўтди. Аҳолидан 60 дан ортиқ савол ва таклиф келиб тушган. Асосий масалалар радиациявий хавфсизлик кафолатлари, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалигига таъсири, янги иш ўринлари, ижтимоий-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий аҳоли учун компенсация чоралари бўлган.
Эшитув якунида билдирилган таклифлар акс этган баённома кўпчилик овоз билан маъқулланиб, материаллар таҳлил қилиш учун ваколатли органларга юборилиши белгиланди.

Форишдаги эшитувда АЭС лойиҳасининг техник ечимлари, хавфсизлик, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлаш бўйича чоралар кенг муҳокама қилиниб, аҳолидан келган таклифлар баённома асосида расмийлаштирилди ва кейинги кўриб чиқиш учун ваколатли идораларга йўналтирилади.
Мавзуга оид
19:32 / 22.12.2025
Эко-стикер бўйича жарималар қўллаш 2 йилдан сўнг бошланади
15:17 / 08.12.2025
Ўзбекистонда АЭС учун зилзилабардошлик меъёрлари тасдиқланади
12:48 / 02.12.2025
Шавкат Мирзиёев Жиззахда янги йўл ўтказгич ва АЭС лойиҳалари билан танишди
12:06 / 26.11.2025