Жаҳон | 12:15 / 24.12.2025
1385
3 дақиқада ўқилади

WhatsApp мессенжери Россияда иши чекланганини тасдиқлади

WhatsApp вакили Россияда мессенжер иши чекланаётганини тасдиқлади. Шу билан бирга, WhatsApp ҳануз Россияда энг оммабоп мессенжер бўлиб қолмоқда. Компания таъкидлашича, россияликлар орасида айниқса ота-оналар (мактаб/боғча) ва ишга оид чатлар WhatsApp’да жуда кўп.

Фото: Matthias Balk / dpa / Global Look Press

WhatsApp мессенжери ишлаб чиқувчилари унинг Россиядаги иши чекловларга учраганини тасдиқлади. “WhatsApp’га киришни чеклаш орқали Россия ҳукумати байрамлар олдидан 100 миллиондан ортиқ инсонни шахсий мулоқот қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмоқчи”, — деди WhatsApp вакили 23 декабр, сешанба куни Reuters агентлигига.

“WhatsApp мамлакатнинг ҳар бир бурчагидаги ҳаётга чуқур интеграциялашган — ота-оналар ва иш чатларидан тортиб, дўстлар, қўшнилар ва Россиянинг барча ҳудудларидаги узоқ қариндошлар билан мулоқотгача. Биз фойдаланувчиларимизни ҳимоя қилишга содиқмиз, чунки камроқ хавфсиз ва давлат томонидан мажбуран таклиф қилинаётган иловалардан фойдаланишга мажбурлаш россияликларнинг хавфсизлигини фақат пасайтириши мумкин”, — деб қўшимча қилди у.

Россияда WhatsApp август ойидан бери фаол тарзда блокланмоқда. Ўшандаёқ РФдаги кўпчилик фойдаланувчилар учун қўнғироқ қилиш имконияти ишламай қолган. 28 ноябр куни Роскомнадзор мессенжер Россия қонунлари талабларини бажармаса, яъни ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилмаса, у тўлиқ блокланиши ҳақида огоҳлантирган.

22 декабрдан бошлаб Россиядаги фойдаланувчилар мессенжерда муаммолар пайдо бўлганидан шикоят қилди. РБК манбасига кўра, Роскомнадзор WhatsApp ишини 70–80 фоизга секинлаштирган. Россия ҳукуматининг босими ортиб бораётганига қарамай, WhatsApp Россияда ҳали ҳам энг оммабоп мессенжер бўлиб қолмоқда.

РФ Давлат думасининг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Свинцов “Осторожно Media”га берган изоҳида “фуқароларимиз бир-бирига хурсандчиликка оид расмларни юборолмаяпти, деб эшитиш мен учун ачинарли”, деди. “Бу, албатта, бизни ташвишга солади ва хафа қилади”, — дея у WhatsApp вакиллари баёнотларини шарҳлади.

Шу билан бирга, Свинцов қабул қилинаётган чоралар хавфсизлик талаблари билан изоҳланишини такрорлади. Москва бу даъвони россияликлар учун интернетни чеклашни оқлаш мақсадида қўллайди.

WhatsApp ўрнига Свинцов Россия аҳолисига Telegram, “Одноклассники” ва “ВКонтакте”дан фойдаланишни, шунингдек “бир-бирига телефон қилиш, меҳмонга бориш, чой ичиш, пирог пишириш, салат тайёрлаш ва сайрга чиқиш”ни маслаҳат берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид