Ўзбекистон | 12:08 / 26.12.2025
1154
3 дақиқада ўқилади

Олмалиқда 2,7 млрд долларлик янги металлургия мажмуаси қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев мурожаатномада саноатни технологик янгилаш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш доирасида 2026 йилда бир қатор йирик лойиҳаларга старт берилишини маълум қилди. Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қиймати 2 млрд 700 млн доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодига тенг бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш ишлари бошланиши қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, “Самарқанд кимё” заводида 381 млн доллар инвестиция ҳисобига йилига 370 минг тонна фосфорли ва 540 минг тонна мураккаб ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши айтилди. Қашқадарё вилоятида эса 200 млн долларлик кимё заводи қурилиши бошланиб, маиший кимё, полимер ва синтетик ёқилғи учун йилига 50 минг тонна алкилбензол маҳсулоти олиш имкони яратилиши таъкидланди.

Умуман, 2026 йилда кимё саноатида 4,5 млрд долларлик, тоғ-кон металлургия, нефть-газ, автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари тармоқларининг ҳар бирида 3 млрд доллардан, электротехникада 2 млрд долларлик, фармацевтикада эса 800 млн долларлик янги лойиҳалар бошланиши маълум қилинди.

Президент келгуси йилда экспорт кўрсаткичларини ошириш масаласига ҳам тўхталди. Айтилишича, 2026 йилда жами экспортни 40 млрд долларга етказиш, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини эса 55 фоиздан ошириш мақсад қилинган.

Иқтисодий прогнозларга кўра, келгуси йил иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулотни 167 млрд долларга етказиш кутилмоқда. Шу билан бирга, меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва таннарх бўйича қатъий иш олиб борилса, мазкур кўрсаткични янада ошириш имконияти борлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан саноатда “Унумдорлик ва самарадорликни икки карра ошириш” дастури бошланиши маълум қилинди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлиги бўйича алоҳида лойиҳа амалга оширилиб, унга халқаро молия институтларидан 200 млн доллар кредит ва грант жалб қилиниши айтилди.

Лойиҳа доирасида саноат корхоналари учун хориждан юқори малакали технолог ва муҳандислар жалб қилиш, бизнес жараёнларини рақамлаштириш, энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича аудитлар ўтказиш, илғор технологияларни трансфер қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, “Тўртинчи саноат инқилоби маркази” ташкил қилиниши қайд этилди. Марказ негизида робототехника, “буюмлар интернети”, “ақлли фабрика” каби “Индустрия 4.0” ечимларини саноат корхоналарида жорий этиш учун тартибга солиш механизми яратилади. Таъкидланишича, корхоналар янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилишдан олдин уларни синовдан ўтказиш имконига эга бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид