Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда ўрмонлар майдони 4,7 млн гектарга етди
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида деградацияга учраган ерларни тиклаш ва чўлланишга қарши курашиш ишлари кучайтирилиб, жорий йилда 150,7 минг гектар майдонда ўрмон барпо этилди. Натижада мамлакат ҳудудини қоплаган ўрмонлар умумий майдони 4,7 миллион гектарга етди.
Фото: Kun.uz
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ўрмон майдонларини кенгайтириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ҳамда чўлланишга қарши курашишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилда асосий ўрмон-мелиорация тадбирлари Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида амалга оширилди.
Маълум қилинишича, йил давомида ўрмонларни барпо этиш ва тиклаш ишлари 150,7 минг гектар майдонни қамраб олган. Ўрмон-мелиорация тадбирларининг асосий қисми Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудига тўғри келиб, бу ерларда 145,2 минг гектар ўзлаштирилган. Энг катта кўрсаткич Мўйноқ туманида қайд этилиб, у ерда 90,5 минг гектарда ўрмонзор барпо этилган. Шунингдек, Бухоро вилоятининг қатор туманларида, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳудудларида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилган. Бошқа ҳудудларда қўшимча 5,5 минг гектар майдонда ўрмон барпо этилган.
Кўчатхоналарни ривожлантириш ва ўрмон хўжалигининг моддий базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Кўкаламзорлаштиришнинг барқарор суръатларини таъминлаш учун 979 тонна дарахт ва бута уруғлари тайёрланган. Барча ўрмон хўжаликларида 1300 гектар майдонда замонавий кўчатхоналар ташкил этилиб, уларда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослашган 123 миллион туп кўчат ва ниҳоллар етиштирилмоқда.
Ер деградациясининг олдини олиш мақсадида чўл ва тоғолди ҳудудларида 1390 гектар майдонда ҳимоя ўрмон чизиқлари яратилган. Тоғли ва адир ҳудудларда эса 41 гектарда террасалаш усулида ўрмонлар барпо этилган. Қўшимча йўналиш сифатида доривор ва озиқ-овқат ўсимликлари плантациялари ривожлантирилиб, 5890 гектар майдонда 7918 тонна маҳсулот етиштирилган.
Ўрмон фондидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш доирасида аввал паст самарали деб топилган 4842 гектар ерлар ўзлаштирилган. Шунингдек, 1530 гектар ўрмон фонди участкалари онлайн-аукционлар орқали ижарага берилгани хусусий инвестицияларни жалб этиш ва соҳада тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилган.
Илғор хорижий тажрибани жорий этиш доирасида Хитойдан 30 минг туп бруссонетия кўчати олиб келиниб, улар асосида 100 гектар майдонда экспериментал плантациялар яратилган. Арнасой туманида шўрга чидамли ўсимликларнинг янги галофит боғини яратиш ишлари бошланиб, бунинг учун Хитойдан 35 турдаги галофит ўсимликларнинг 1315 кг уруғи импорт қилинган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида мамлакат ҳудудини қоплаган ўрмонлар майдони 4,7 миллион гектарга етгани таъкидланди.
Мавзуга оид
07:47 / 03.12.2025
Аҳоли жон бошига энг кўп ўрмон тўғри келадиган мамлакатлар
07:31 / 26.11.2025
Яшил тикланиш етакчилари: 10 йилда ўрмон майдонини энг кўп оширган давлатлар
07:20 / 13.11.2025
Ўрмонлар баланси: минтақалар мусобақасида кимлар пешқадам?
07:29 / 06.11.2025