Иқтисодиёт | 11:26
890
2 дақиқада ўқилади

Президент: ЯИМ илк бор 145 млрд доллардан ошди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишини давом эттирганини, йил якунида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 145 млрд доллардан ошганини қайд этди. Шунингдек, экспорт 23 фоизга ўсиб 33,4 млрд долларга етгани, олтин-валюта захиралари эса тарихда биринчи марта 60 млрд доллардан ошгани таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарига кўра, тўққиз йил аввал иқтисодиёт ҳажмини 100 млрд долларга етказиш катта марра бўлиб кўринган. Аммо жорий йилда ЯИМ 145 млрд доллардан ошиб, бу халқимиз ва жамиятнинг улкан ишларга қодир эканини намоён этмоқда.

Президент глобал савдо тизимида «ўйин қоидалари» ўзгараётган, ишлаб чиқариш ҳамда транспорт-логистика занжирлари узилаётган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошиб бораётган шароитда ҳам мамлакат иқтисодиёти ишончли ўсишда давом этаётганини таъкидлади.

Мурожаатномада жорий йилда иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 млрд долларга етгани, умумий инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу кўрсаткичлар келгуси йилларда ҳам юқори суръатларда барқарор ўсиш учун мустаҳкам замин яратади.

Шунингдек, Президент халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганини айтиб, етакчи рейтинг агентликлари суверен рейтингни «BB-»дан «BB» поғонасига оширганини қайд этди. 

Президентга кўра, бундай ўзгариш ташқи молиялаштириш шартларини яхшилаб, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини пасайтиришга хизмат қилади.

Рақамли трансформация натижалари ҳам алоҳида тилга олинди: Жаҳон банкининг GovTech Maturity Index’и бўйича Ўзбекистон 71 поғона юқори кўтарилиб, топ-10 мамлакат қаторига киргани айтилди. 

Инфратузилма йўналишида ҳам 2025 йилда салмоқли ишлар амалга оширилгани билдирилди. Хусусан, энергетикадаги ўзгаришлар ҳисобига электр ишлаб чиқариш ҳажми 85 млрд кВт/соатга етказилгани, ичимлик суви ва суғориш суви таъминотида кўплаб маҳаллалар қамраб олингани қайд этилди. Уй-жой қурилиши бўйича эса йил давомида кўп қаватли уйлар топширилиши, аҳоли ва бизнес томонидан қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилгани таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид