Жаҳон | 14:03
540
3 дақиқада ўқилади

РФда 2025 йилда 95 та ташкилот “номақбул” деб эълон қилинди

РФда “номақбул” деб топилган янги ташкилотлар сони реестр мавжуд бўлган бутун давр ичида энг юқори даражага етди. “Қора рўйхат” сиёсий, маданий ҳамда маърифат (таълим-тарбия) фаолияти билан шуғулланувчи тузилмалар билан тўлдирилди.

Фото: Konstantin Kokoshkin

2025 йил давомида РФ Адлия вазирлиги “номақбул” ташкилотлар реестрига 95 та ташкилотни киритди. Бу — реестр 2015 йилда ташкил этилганидан буён энг юқори кўрсаткич, деб хабар берди “Верстка” нашри 25 декабр, пайшанба куни.

Таққослаш учун: Россиянинг Украинага қарши уруши бошланган биринчи йилда рўйхатга 22 та ташкилот киритилган. 2023 йилда улар сони 50 тагача, 2024 йилда эса 65 тагача ошган. Дубликат юридик шахслар ва филиалларни ҳисобга олмаган ҳолда, реестрдаги ташкилотларнинг умумий сони энди 281 тага етган.

Энг катта гуруҳ — сиёсий фаолият ва демократик институтларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи тузилмалар: бундай ташкилотлар 77 та. Яна 60 таси маданият ва маърифат (таълим-маърифат) соҳасида ишлайди, 46 таси ҳуманитар ва ҳуқуқ ҳимояси ёрдами билан шуғулланади.

32 та ташкилот фаолияти ОАВ билан боғлиқ — бунда нафақат оммавий ахборот воситаларининг ўзи, балки уларни қўллаб-қувватлайдиган лойиҳалар ҳам назарда тутилган. Диний ҳаракатларга 22 та ташкилот, урушга қарши тоифага 17 та ташкилот киритилган. 10 та ташкилот украинлар манфаатларини ҳимоя қилади, 7 таси экология соҳасида ишлайди. 4 тадан тузилма касбий бирлашмалар ва IT соҳасидаги компаниялар сифатида кўрсатилган. Яна 2 та ташкилот коррупцияга қарши кураш билан шуғулланади.

Россияда “номақбул” деб топилган энг сўнгги ташкилотлар қаторига Германиянинг жамоат-ҳуқуқий медиакомпанияси Deutsche Welle ҳамда 100 дан ортиқ фуқаролик жамияти ташкилотларини бирлаштирадиган халқаро нотижорат B4Ukraine ассоциацияси ҳам кирган. У нефт ва газнинг Россиядан экспортини мониторинг қилиш ва Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга эришиш мақсадида фаолият юритади.

“Номақбул ташкилот” мақомини бериш ҳақидаги қарорни РФ Бош прокуратураси қабул қилади. Реестрни юритиш билан Адлия вазирлиги шуғулланади. Рўйхатга Бош прокуратура баҳосига кўра, Россиянинг конституцион тузуми асослари, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигига таҳдид соладиган хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотлар киритилади.

2024 йилда РФ президенти Владимир Путин қонунни имзолаган эди: унга кўра, агар қандайдир хорижий ёки халқаро ташкилотнинг муассиси ёки иштирокчиси бошқа давлатнинг давлат органлари бўлса, у ташкилотни “номақбул” деб топиш мумкин.

“Номақбул ташкилот” мақомининг берилиши Россияда унинг фаолияти тақиқланишини англатади. Бундай тузилмалар билан ҳамкорлик қилиш ва улар материалларини тарқатиш маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка олиб келади. Иштирок этганлик учун 500 минг рублгача жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Фаолиятни ташкил этганлик учун эса 6 йилгача озодликдан маҳрум этиш назарда тутилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид