Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашган икки ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
“Блатной”нинг тирик қолиши
Наманганлик Абдувалига (мақоладаги исмлар ўзгартирилган) урушда “Блатной” лақаби берилганди. Луҳанск майдонларида жангга кирган бу йигит фронтга ўз-ўзидан бориб қолмаган.
Абдували 2023 йил октябрида ишлаб пул топиш мақсадида Россияга кетган. Бу пайтда у 21 ёшда бўлган. 2024 йил январида Абдували наркожиноятда айбланиб, қамоққа олинган. Бироқ суд қилинмасдан 2025 йил сентябрга қадар ушлаб турилган. Сўнгра унга урушга бориш эвазига афв таклиф қилишган.
Абдували қамоқ эҳтиёт чорасидан озод бўлиш ва қийноқлардан қутулиш мақсадида таклифга кўнишга мажбур бўлган.
“2024 йил 26 январда Москва шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида таксида ишдан ётоқхонага қайтаётгандим. Милиция ходимлари машинани тўхтатди. Сўнгра мени ушлаб, милиция бўлимига олиб боришди. У ерда кийимларимни ечиб, ёнимни кўздан кечиришди. Аммо ҳеч қандай тақиқланган нарса топишолмади. У ердан чиқаётганимда эгнимдаги курткамни ҳам ҳам текширишди. Шунда унинг чўнтагидан рўмолчага илашиб, скотчга ўралган бир бўлак сақичсимон модда чиқди.
Уларга бу модда менга тегишли эмаслигини, наркотик истеъмол қилмаслигимни айтдим”, деган Абдували суддаги кўрсатмасида.
Шундан сўнг ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд ажрими билан Абдувалига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. У Москва шаҳридаги “Томбов СИЗО-1” турмасига этап қилинган. Турмада ҳар 2 ойда суд орқали қамоқ эҳтиёт чорасини чўздириб, 2025 йил 5 сентябрга қадар суд қилмасдан ушлаб туришган. Бу вақтда унга ҳар куни урушга боришни таклиф қилишиб, кўндириш учун қийноққа солишган, таҳқирлашган. Абдували қийноқлардан қутулиш учун охири бу таклифга кўнган.
“2025 йил 5 сентябр куни мен ва яна 25 нафар маҳбусни Луҳанскдаги ротага олиб боришди. Барчамизнинг кийимларимиз ва шахсий буюмларимизни йиғиштириб олишди. Автоматдан ўқ отишни машқ қилдиришди. Ҳарбий-жанговар тайёргарлик 2 ҳафта давом этди.
2025 йил 3 октябрда 15 нафар ёлланма аскарлардан иборат гуруҳ таркибида Харков шаҳри ҳудудидаги жанг майдонига бордим. У ерда дрон зарбасидан жароҳат олиб, ортга қайтдим. Ҳарбий госпиталда шифокорлар текшириб, керакли муолажаларни қилишди. 2 ҳафта даволангач полкка қайтиб бордим. Шерикларимнинг бари вафот этган экан.

















