Ўзбекистон | 11:20
758
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: дунёдаги ўзгаришлар фонида 2025 йил мураккаб кечди

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва кўп миллатли халққа мурожаатномада жаҳонда кутилмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик ва хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ўта мураккаб йилни якунлаётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда сизлар билан ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Президентнинг қайд этишича, шундай шароитга қарамасдан, мамлакатда бошланган демократик ислоҳотлар қатъий давом эттирилди. У бу жараёнда халқ қўллаб-қувватлаши, ёшларнинг ғайрат-шижоати, ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучайтирилгани муҳим аҳамият касб этганини айтди.

Шунингдек, мурожаатномада одамларнинг онги ва дунёқараши ўзгариб, эл-юрт янада жипслашгани, тадбиркор, деҳқон ва фермерларнинг ташаббускорлиги ҳамда меҳнати, ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсат ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда катта натижаларга эришилгани таъкидланди.

Давлат раҳбари жаҳон миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилиб, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакат иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишда давом этаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу натижалар дунё ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид