Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Актриса Брижит Бардо вафот этди
У ўтган аср ўрталарида кино оламининг асосий юлдузларидан бирига айланганди.
Hulton Archive / Getty Images
Француз актрисаси Брижит Бардо вафот этди. У 91 ёшда эди.
«Брижит Бардо фонди ўз асосчиси ва президенти, дунёга машҳур актриса ва қўшиқчи, ўз ҳаёти ва кучини жонзотларни ҳимоя қилиш ва ўз фондига бағишлаш учун ўзининг нуфузли карерасидан воз кечишга қарор қилган Брижит Бардо хонимнинг вафот этганини чуқур қайғу билан маълум қилади», – дейилади фонд томонидан AFP агентлигига юборилган баёнотда.
Актриса вафот этган вақт ва жой кўрсатилмаган.
Брижит Бардо 1934 йил 28 сентябрда Парижда туғилган ва ўзига тўқ оилада ўсган. Ўсмирлик чоғларида балет билан шуғулланган, кейин эса фотомодел ва актрисага айланган. 14 ёшида унинг биринчи фотосессияси бўлиб ўтган ва 1949 йилда илк бор Elle журнали муқовасида чиққан. Шу билан бирга, у Олий миллий мусиқа ва рақс консерваториясида таҳсил олган.
Актриса 1952 йилда «Норманд туйнуги» комедияси орқали кинода дебют қилади ва бир йил ўтиб, «Манина, бикинидаги қиз» мелодрамасида бош ролни олади.
1952–1956 йиллар оралиғида Бардо 17 та филмда суратга тушади, аммо ҳақиқий юлдузлик онлари ўз турмуш ўртоғи Роже Вадим режиссёрлигида ишланган «Ва худо аёлни яратди» (Et Dieu… créa la femme, 1956) филмидаги бош рол орқали келади. У бу филмда сен-тропелик эркин аёл образини гавдалантирганди.
Фото: Cinema Publishers Collection / The Hollywood Archive / imago stock&people / Global Look Press
1960-йиллар бошларида Бардо бир қатор машҳур француз филмларида, жумладан, Анри-Жорж Клусонинг «Оскар»га номзод бўлган «Ҳақиқат» драмасида (1960), Луи Малленинг «Ўта шахсий иш» филмида (Марчелло Мастроянни билан) ва Жан-Люк Годарнинг «Нафрат» филмида (1963) рол ўйнаган. Ўн йилликнинг иккинчи ярмида Бардо Ҳолливуд филмларида, жумладан, «Вива Мария!» ва «Шалако» филмларида суратга тушади. Шу билан бирга, Бардо мусиқа билан ҳам шуғулланган.
Бардо тўрт марта турмушга чиққан: 1952 йилдан 1957 йилгача Вадим, 1959 йилдан 1962 йилгача Жак Шарие (ундан 1960 йилда ўғли Николас туғилган) билан никоҳда бўлган.
1966 йилдан 1969 йилгача Гунтер Сакс билан яшаган, 1992 йилда Марин Ле Пеннинг собиқ маслаҳатчиси Бернард д’Ормалга турмушга чиққан. Шунингдек, филмлардаги ҳамкорлари Жан-Луи Трентинян ва Серж Гейнсбург билан ҳам ишқий муносабатларда бўлган.
Бардо кўп ўтмай шон-шуҳрат босимидан безади, у 1996 йилда Guardian нашрига берган интервюсида шундай деганди: «Мени ўраб турган ақлсизлик ҳар доим менга ҳақиқий эмасдек туюлган. Мен ҳеч қачон юлдуз ҳаётига тайёр бўлмаганман».
У 1973 йилда, 39 ёшида «Колинонинг ибратли ва қувноқ ҳикояси» номли тарихий мелодрамада рол ўйнаганидан кейин кинодаги фаолиятини якунлайди. У шундан кейин ҳаётини жониворларни ҳимоя қилиш ҳаракатига бағишлайди: 1977 йилда у тюленларни овлашга қарши норозилик намойишларига қўшилади, 1986 йилда эса ўз номидаги фондга асос солади. Бу фон ҳайвонлар бошпаналарини қўллаб-қувватлаш ва стерилизацияни молиялаштириш билан шуғулланади.
Ўша йили у фонд учун ким ошди савдосида уч миллион франк тўплайди – у ўзининг қимматбаҳо тақинчоқлари ҳамда мулкларини сотганди. Бундан ташқари, у ўз номидаги кўчмас мулкларни ҳам фонд ихтиёрига беради – Базошдаги уй ва Сен-Тропедаги дала ҳовлини, шунингдек, ўз китоби учун ҳуқуқни ҳам.
Кейинчалик Бардо Руминиядаги итларнинг қирғин қилиниши, Фарер оролларидаги делфинларнинг ўлдирилиши ва Австралиядаги мушукларнинг сўйилиши каби масалалар бўйича жаҳон етакчиларига норозилик мактубларини юборади. Актрисанинг ўзи фонд «унинг ҳаётининг маъноси ва мақсади» экани ва «жониворлар унга одамлардан яқинроқлиги»ни такидлайди.
Мавзуга оид
22:50 / 16.12.2025
«Титаник» филми режиссёри Жеймс Кэмерон миллиардерга айланди
19:38 / 24.11.2025
«Зита ва Гита» филмидаги бош рол ижрочиси Дҳармендра вафот этди
19:59 / 22.11.2025
Саида Мирзиёева Қатардаги кино фестивалига ташриф буюрди
18:12 / 17.11.2025