Жаҳон | 11:44 / 30.12.2025
1589
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Ғазо секторидаги бўлими раҳбари ҳалок бўлганини тасдиқлади

ҲАМАС вакиллари ташкилотнинг Ғазо секторидаги раҳбари Муҳаммад Синвар ҳамда ҳарбий қанот матбуот котиби Абу Убайданинг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Исроил томони биринчи шахс май ойида, иккинчиси эса август ойида йўқ қилинганини маълум қилган эди.

Фото: Israeli Army/Handout/REUTERS

Европа Иттифоқи ва АҚШда террористик ташкилот деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати вакиллари ташкилотнинг Ғазо секторидаги раҳбари Муҳаммад Синвар (2024 йил октябридан бу лавозимда бўлган) ҳамда ҳарбий қанот матбуот котиби Абу Убайданинг ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги душанба куни, 29 декабрда хабар берди.

ҲАМАС маълумотига кўра, Синвар — аввалроқ йўқ қилинган ҳаракат раҳбари Яҳё Синварнинг укаси ва Убайда 2025 йил бошида Ғазодаги уруш давомида ҳалок бўлган. Исроил томони Муҳаммад Синварнинг май ойида ўлдирилганини айтган, Убайданинг ўлими ҳақида эса август охирида хабар берилган.

Май ойида оммавий ахборот воситалари Муҳаммад Синварнинг жасади Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнусдаги тоннелдан топилгани ҳақида ёзган. Ўшанда у билан бирга унинг ўн нафар ёрдамчисининг жасадлари ҳам топилгани айтилган. Шунингдек, “Рафаҳ” бригадаси қўмондони Муҳаммад Шабана ҳам ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинган. У пайтда ҲАМАС бу хабарларга изоҳ бермаган.

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац ўшанда Синвар “барча аломатларга кўра” Исроил зарбаси натижасида ўлдирилганини айтган. Бироқ у бу маълумот расман тасдиқланмаганини ҳам қўшимча қилган.

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескинлашган. ЕИ ва АҚШда террористик деб тан олинган ҲАМАС ҳаракати Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган. Жангчилар Исроилга оммавий ракета зарбаларини берган, унинг ҳудудига бостириб кирган ва тахминан 1200 кишини ўлдирган. Шунингдек, жангчилар 250 нафардан ортиқ гаровга олинганларни асирга олиб, Ғазо секторига олиб кетган. Гаровдагиларнинг бир қисми алмашув ёки озод қилиш орқали қайтарилган, бир қисми ҳалок бўлган.

Бунга жавобан Исроил ҲАМАСга қарши уруш эълон қилган. Қуруқликдаги операция ва Ғазо секторининг бомбардимон қилиниши оқибатида 70 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, яна 169 мингдан зиёди яраланган.

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга Мисрда 13 октябр куни эришилган. Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувлар ижросига АҚШ, Туркия, Қатар ва Миср кафил бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид