Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кремл Путин қароргоҳига «ҳужум» юзасидан далил келтирмаяпти
Песков эса бунга «қандайдир далил шарт эмаслиги»ни айтди ва аслида амалга оширилгани гумон остида бўлган «ҳужум»ни теракт деб баҳолаб, «ҳарбийлар жавоб қайтариши»ни қўшимча қилди.
Фото: navalny.com
РФ мудофаа вазирлиги ҳарбий маълумотни расмий версияга мослаштирмоқда: Лавров 91 та дрон билан ҳужум қилинганини айтганди, вазирликнинг ўша кунги баёнотида Валдай жойлашган Новгород области ҳудудида 18 та дрон уриб туширилгани маълум қилинганди. Маҳаллий аҳоли эса дронлар овози ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя воситалари ишга тушганидан кейин бўладиган портлаш овозларини эшитмаган. Маҳаллий пабликларда ҳам ҳужум оқибатлари акс этган кадрлар чиқмади.
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров Украина дронлари Владимир Путиннинг Валдайдаги қароргоҳига ҳужум уюштиргани ҳақида баёнот берганидан бир кун ўтиб ҳам бу ҳужум чиндан рўй берганига далиллар тақдим этилмади – аммо бир қанча давлатлар етакчилари бу «ҳужум»ни қоралаб чиқишди.
БАА ташқи ишлар вазирлиги «ҳужум»ни «жирканч» деб атаган. Идора Россия президенти, ҳукумати ва халқи билан бирдамлигини тасдиқлади ва «БАА хавфсизлик ва барқарорликка путур етказишга қаратилган зўравонликнинг ҳар қандай шаклини қабул қилмаслиги»ни таъкидлади. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳам худди шундай баёнот билан чиқди.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Путин қароргоҳига «ҳужум» ҳақидаги хабарлардан «чуқур хавотирда» экани ҳақида рус тилида пост жойлаштирди. «Ҳозирги дипломатик саъй-ҳаракатлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва тинчликка эришишнинг энг мақбул йўлидир. Биз барча манфаатдор томонларни ушбу йўлга эътибор қаратишга ва жараёнга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», – деб ёзган Моди.
Кремл баёнотига кўра, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам «ҳужум»ни қоралаб баёнот берди – икки президент ҳам 30 декабр куни Владимир Путин билан телефон орқали гаплашган.
Россия расмийлари ҳалигача Украина Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринганига оид далилларни келтирмади. Лавров ўз баёнотида Украина 91 та зарбдор дрон билан ҳужум қилгани ҳақида айтганди. Россия мудофаа вазирлигининг 29 декабр куни эрталаб берган ҳисоботида эса Россия узра украинларнинг жами 89 та дрони тўхтатилгани ва йўқ қилингани ҳақида маълум қилганди, шундан фақат 18 таси – Валдай қароргоҳи жойлашган Новгород области ҳудудига кирган. Бир ярим соат ўтиб ҳарбий идора ушбу регионда яна 23 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берди. 29 декабр куни, Лавровнинг баёнотидан кейин, мудофаа вазирлиги янги пост эълон қилди, унда рақамлардаги тафовутни изоҳлашга ҳаракат қилинган. Ҳарбий идоранинг таъкидлашича, Лавровнинг баёнотида келтирилган миқдор Брянск областида тўхтатилган 49 та дрон ҳамда Смоленск области узра тутиб қолинган яна бир дронни ҳам ўз ичига олган: вазирлик улар ҳам «Новгород области йўналишида учгани»га ишонтиришга уринган.
Валдайдаги маҳаллий аҳоли вакиллари эса дронлар учиб ўтиши ёки уларнинг йўқ қилиниши вақтидаги овозларни эшитишмагани, шунингдек, ҳужум хавфи ҳақида огоҳлантириш бўлмаганини айтмоқда, деб ёзади 10 дан ортиқ одам билан суҳбатлашган «Можем объяснить» ва Sota project телеграм-каналлари. Маҳаллий форумда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ишлагани ёки мазкур регионда дронлар ҳаракатланганидан дарак берувчи фото ёки видеолар учрамади, дея Урушни ўрганиш институти ходими Грейс Мэппснинг сўзларини келтиради The Wall Street Journal.
Кремл ҳужумни ҳам Путинга, ҳам Доналд Трампга (ва унинг Россиянинг Украина билан урушини тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларига) қарши қаратилган теракт деб атади. «Агар дронларнинг бундай ёпирилма ҳужуми амалга оширилаётган бўлса, бу ерда қандайдир далиллар бўлиши керак, деб ўйламайман. <...> Кўряпмизки, Зеленскийнинг ўзи ҳам буни рад этишга ҳаракат қилмоқда ва Ғарбдаги кўплаб оммавий ахборот воситалари Киев режимига қўшилиб, бундай бўлмагани ҳақидаги мавзуни тарғиб қила бошлади. Бу аҳмоқона даъволар», – деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. У Россия ҳарбийлари «қандай, нима билан ва қачон жавоб беришни билиши»ни қўшимча қилган.
Федерал телеканаллар «ҳужумга уриниш»ни батафсил ёритди – масалан, «Россия 1» телеканалида «Вечер с Владимиром Соловьёвым»нинг махсус эфири намойиш этилган. Бошқа дастурлардаги «экспертлар» Украина «Россияга расман уруш эълон қилгани»ни айтишган, Ғарбни ҳужум уюштиришда ёрдам беришда айблашган ва Киевдаги ҳукумат биноларига «Орешник» орқали зарба бериш билан таҳдид қилишган.
Володимир Зеленский Лавровнинг баёнотларини «РФнинг навбатдаги ёлғони» деб атади ва Россия Киевдаги ҳукумат биноларига зарба бериш учун «замин тайёрлаётгани»ни тахмин қилди.
Украина ТИВ раҳбари Андрей Сибига бир кун ўтиб ҳам Россия ўз айбловларига ҳеч қандай далил келтирмаганига эътибор қаратган. «Тақдим эта олмайди ҳам. Чунки улар йўқ. Ҳеч қандай ҳужум бўлмаган», - деб ёзди Сибига. У Украина БАА, Ҳиндистон ва Покистоннинг баёнотларидан «ҳафсаласи пир бўлгани»ни айтиб, учала давлат ҳам «2025 йил 7 сентябрда Россиянинг ҳақиқий ракетаси Украина ҳукуматининг ҳақиқий биносига текканида ҳеч қандай расмий баёнот бермагани»ни эслатган.
Мавзуга оид
23:41 / 30.12.2025
Йил якунида ахборот уруши: Россия Путин қароргоҳига зарба берилганини айтмоқда
21:29 / 30.12.2025
Кремл Путиннинг қароргоҳига ҳужум уюштирилгани ҳақидаги баёнотлардан кейин унинг манзилини махфийлаштирди
14:46 / 30.12.2025
Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қоралади
12:10 / 30.12.2025