Ўзбекистон | 18:09 / 30.12.2025
1992
4 дақиқада ўқилади

Президент Янги Тошкентда бир қанча объектлар қурилиши билан танишди

Шавкат Мирзиёев ер ости автотураргоҳи, вазирлик ва идораларнинг маъмурий бинолари, турар жой мажмуалари, энергетика объектлари қурилишини кўздан кечирди. Шу ерда ишлаётган ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларининг боришини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари дастлаб ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини барпо этиш ишларини кўздан кечирди. Қурилиш майдони 40 минг квадрат метрдан иборат бўлган, қиймати 100 миллион долларлик мазкур автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та енгил автомобил ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерларни жойлаштириш имконияти бўлади. Тўрт томонлама қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун пиёдалар йўлаги қурилади. Президент бу каби замонавий автотураргоҳларни кўпайтириш, улар аҳоли учун максимал даражада қулай бўлишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун маъмурий бинолар қурилмоқда. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модул турдаги янги биноси барпо этилган. Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам шу бинода жойлашган. Ҳозирда марказ томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилган. Давлат раҳбарига платформалар фаолияти ҳақида маълумот берилди. Тизимни янада такомиллаштириш, шаффофлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари шу ерда ёш мутахассислар билан суҳбатлашди.

– Кечаги билим билан бугун катта натижаларга эришиш қийин. Бунинг учун ҳар куни изланиш, аниқ фанлар, хусусан, ахборот технологияларини яхши ўрганиш керак, бу қурилиш соҳасида ҳам жуда муҳим, – деди Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди. Мажмуа минтақамиздаги энг йирик уй-жой лойиҳаларидан бири ҳисобланади. 95 гектар ҳудудда 15 мингга яқин хонадондан иборат кўп қаватли уйлар қурилади. Аҳолининг шахсий транспорт воситаларини сақлаши учун уйларнинг ер ости қисмларида автотураргоҳлар ташкил этилади. Мажмуадан 5-10 дақиқалик масофада боғ, метро бекати, маъмурий бинолар ва ижтимоий муассасалар қайд ростлайди.

Президент тайёр хонадонлардан бирига кириб, шароитлар билан танишди, Янги Тошкент аҳоли учун ҳар томонлама қулай уй-жой қуришда бутун мамлакатимизга намуна ва тажриба мактаби бўлиши кераклигини таъкидлади.

Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган энергетика объектлари билан танишди.

Жумладан, Янги Тошкентнинг биринчи нимстанциясида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Нимстанция қуввати 100 мегаваттга тенг бўлиб, Янги Тошкентнинг дастлабки босқичдаги эҳтиёжларини таъминлайди. Лойиҳа Хитойнинг “Haocheng Industry Group Limited” компанияси иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.

Президентимиз мазкур объектлар билан танишар экан, уларнинг техник имкониятлари, иқтисодий самараси ва Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини алоҳида қайд этди. Лойиҳанинг янада самарали ишлаши ва келгусидаги босқичларини тез ҳамда сифатли амалга ошириш юзасидан ўз тавсияларини берди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид