Ўзбекистон | 12:52 / 31.12.2025
1418
2 дақиқада ўқилади

Бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улуши оширилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоиздан ошириш мақсад қилинган. Лойиҳада, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кучайтириш, АКТдан фойдаланишини кенгайтириш ва маҳаллаларда бандликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслар белгиланган.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Шу доирада хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоиздан ошириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада хотин-қизларнинг замонавий кўникмаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланишга жалб этилган хотин-қизлар сонини ҳар йили 100 минг нафарга (жами 500 минг нафарга) ошириш белгиланган. Бу ташаббус хотин-қизларнинг рақамли иқтисодиётда иштирокини кенгайтириш, янги касблар ва хизматлар бозорида ўз ўрнини топишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш мақсадида хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш кўламини 103 минг нафардан 200 минг нафарга ошириш (66 фоиздан 91 фоизга етказиш) режалаштирилган. Шунингдек, лидер тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириш орқали уларни даромад топишга ўргатиш даражасини 100 мингга етказиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада маҳаллий даражада хотин-қизлар бандлигини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам қайд этилган. Жумладан, маҳаллаларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган 3 840 та марказ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, E-ijtimoiy profilaktika тизими орқали нотинч ва низоли, оилавий ажрим ёқасидаги 91 минг оилани (ҳар йили камида 17–19 минг) муросага келтириш мақсади ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, “Аёллар дафтари” тизими орқали камбағалликдан чиқарилган хотин-қизлар сонини 70 фоизга етказиш орқали эҳтиёжмандлик даражасини камайтириш кўзда тутилган. Лойиҳада белгиланган чора-тадбирлар хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг лидерлик салоҳиятини ривожлантириш ва гендер тенгликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид