Ўзбекистон | 17:17 / 31.12.2025
1807
2 дақиқада ўқилади

Электромобилни қувватлантириш станцияcи асбоб-ускуналари бождан озод қилинади

Электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади.

Фото: Getty Images

«Аҳолининг алоҳида турдаги истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини кафолатли таъминлашга ҳамда иқтисодиётнинг айрим тармоқларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар асосида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган қуйидаги товарлар 2026 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади:

- электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар;

- пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти уруғи ва кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари.

2026 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган солиқ тўловчилар учун мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади:

- чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолиятидан олган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган бўлса;

- ҳар ойда ҳар бир ходимга иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланган бўлса.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид