Жамият | 10:53 / 31.12.2025
1244
2 дақиқада ўқилади

Миллий филмлар дунёдаги энг оммабоп 10 платформага жойлаштирилади

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида миллий кинематографияни ривожлантириш ва уни халқаро аудиторияга кенг чиқаришга қаратилган мақсадлар белгиланган. Лойиҳада миллий филмларни дунёдаги энг оммабоп 10 та интернет платформасига жойлаштириш, контент ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда кино маҳсулотлари экспортини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Стратегия лойиҳасига мувофиқ, миллий кино маҳсулотларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ва ўзбек кинематографиясининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида миллий филмларни дунёдаги энг оммабоп 10 та интернет платформасига жойлаштириш кўзда тутилган. Бу ташаббус миллий контентнинг кўламли аудиторияга чиқиши, турли мамлакатлардаги томошабинлар учун унинг очиқлиги ва танилиши ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Лойиҳада 2024–2030 йилларда давлатчилик ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихи, буюк аждодларнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи 50 та кинолойиҳадан иборат филмлар туркумини ишлаб чиқариш ҳамда хорижда, хусусан, кинофестиваллар ва телеканалларда намойиш этиш режалаштирилган. Шунингдек, миллий қаҳрамонлар ҳақида 59 та мултипликацион филм ишлаб чиқариш, уларни интернет платформаларига жойлаштириш ва телеканалларда намойишини ташкил этиш ҳам лойиҳада қайд этилган.

Халқаро илгари суриш йўналишида халқаро кинофестивалларда 54 та филм намойишини ташкил этиш, шу орқали миллий кинонинг хорижий майдондаги иштироки ва танилишига хизмат қилиш мақсад қилинган. Киноиндустриянинг иқтисодий салоҳиятини ошириш учун кино соҳасига йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини 2,5 миллион долларга етказиш ва миллий кинематография маҳсулотлари экспортини 10 миллион долларга чиқариш режалаштирилган.

Шу билан бирга, ижтимоий-маърифий йўналишда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида 11 та филм, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида 6 та бадиий-публицистик филм ишлаб чиқариш ва телеканалларда намойишини ташкил этиш вазифалари ҳам лойиҳада акс этган.

Кўзда тутилган чора-тадбирлар миллий кинематографияда ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатига туртки бериш, халқаро тарқатиш имкониятларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид